Сайт тест режимида ишламоқда

Ҳуқуқий ахборот - ҳаммага, ҳар доим, ҳамма жойда!

  • 2574 марта ўқилди

Мактаб битирувчилари учун умумий ўрта таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштиргандан кейин якуний аттестациядан ўтиш мажбурийдир.

  • Таълим дастурларини давлат таълим стандартлари талаблари даражасида ўзлаштирган ва ўқув фанларидан йил якуни бўйича ижобий баҳоланган, ёки битта ўқув фанидан қониқарсиз баҳоланган (ушбу фан бўйича якуний аттестациядан ўтиш шарти билан) битирувчилар мактаб педагогик кенгаши қарорига асосан якуний аттестацияга қўйиладилар.
  • Битирувчи синфларда якуний аттестация ўтказиладиган фанлар рўйхати, шакли ва муддатлари ҳар ўқув йилида Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.
  • Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида педагогик кенгашнинг қарори билан тегишли фандан қўшимча якуний аттестация киритилиши мумкин.

Якуний аттестацияни ташкил этиш тартиби

Мактаб битирувчиларининг якуний аттестациясини шу мактаб педагогик кенгаши томонидан тасдиқланган якуний аттестация комиссияси мувофиқлаштиради.

Якуний аттестация ўтказиладиган ҳар бир фандан мактаб директорининг буйруғи билан якуний давлат аттестация комиссияси қуйидаги таркибда тайинланади:

  • ўқув фани бўйича якуний аттестация комиссияси раиси — мактаб директори, унинг ўринбосари ёки мактаб ўқитувчиси;
  • синфда мазкур фандан дарс берган ўқитувчи;
  • тегишли фан ёки унга яқин бўлган фан ўқитувчисидан битта ассистент.

Тегишли фан бўйича якуний аттестацияни ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича жавобгарлик мазкур фан бўйича тузилган якуний аттестация комиссияси раиси зиммасига юклатилади.

Якуний аттестация ўтказиладиган фандан дарс берган ўқитувчи шу синфга якуний аттестация комиссиясининг раиси бўлиши мумкин эмас.

Якуний аттестацияни ўтказиш тартиби

Якуний аттестация мактаб директори томонидан тасдиқланган жадвал асосида ўтказилади.

Якуний аттестация жадвалини тузишда қуйидагиларга эътибор берилади:

  • ўқув фанлари бўйича ўтказиладиган якуний аттестация оралиғи икки кундан кам бўлмаслиги керак;
  • жисмоний тарбия фанидан аввал амалий, кейин назарий якуний аттестация ўтказилади.

Барча мактабларда якуний аттестация эрталаб соат 8:00 дан бошланади.

Оғзаки якуний аттестациядан ўтишда битирувчиларнинг сони 20 нафардан ортиқ бўлса, якуний аттестация икки гуруҳда кетма-кет бир кунда ўтказилиши мумкин.

Битирувчиларга она тилидан баён ёзиш учун 3 астрономик соат (иншо ёзиш учун 4 астрономик соат), математикадан ёзма иш учун 3 астрономик соат, тест-синов топшириқлари берилиши кўзда тутилган бўлса, уларни бажаришга ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича ҳар бир тест саволи учун 2 дақиқа, аниқ фанлар бўйича ҳар бир тест саволи учун 3 дақиқа вақт ажратилади.

Битирувчиларга оғзаки якуний аттестацияда олган топшириқлари бўйича тайёрланиш учун 15—20 дақиқа вақт берилади.

Аттестацияда белгиланган тартибни бузиш оқибатлари
  • Битирувчи оғзаки ёки ёзма якуний аттестацияни топшириш жараёнида белгиланган тартибни бузган тақдирда, у якуний аттестацияни давом эттириш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
  • Битирувчи якуний аттестацияни давом эттириш ҳуқуқидан маҳрум қилинганда якуний аттестация комиссияси томонидан бу ҳақда якуний аттестация баённомасига ёзиб қўйилади.
  • Мактаб педагогик кенгашининг қарори асосида унга якуний аттестация тугаган кундан кейин 2 ҳафта ўтгач мазкур фандан қайта якуний аттестациядан ўтишга рухсат берилиши мумкин.

Баҳолаш
  • Ҳар бир фан бўйича оғзаки ёки ёзма якуний аттестация ўтказилгач, якуний аттестация комиссияси барча битирувчиларга йиллик ва якуний аттестация баҳолари асосида якуний баҳоларни қўядилар. Бунда, битирувчининг йиллик ва якуний аттестация баҳосининг ўртачаси олиниб яхлитланади
  • Битирувчига якуний баҳони қўйишда унинг аввалги синфларда олган баҳолари ҳам инобатга олинади.

Аттестациясидан озод этиш
  • халқаро ва республика миқёсида ўтказиладиган фан олимпиадаларида, спорт мусобақаларида, турли кўрик-танловларида битирувчиларнинг иштироки бевосита якуний аттестация даврига тўғри келса. Бунда битирувчи шу кунлардаги якуний аттестациядан озод этилади.
  • якуний давлат аттестациясидан озод қилиши мумкин бўлган касалликларга асосан.

Муддатдан олдин аттестациядан ўтказиш
  • Битирувчиларнинг яшаш жойи ўзгариши (хорижга чиқиш) муносабати билан шу ҳолатни тасдиқловчи расмий ҳужжатлари бўлса, (бу ҳолат март-апрель-май ойларида юзага келса) бундай битирувчиларга якуний аттестациядан муддатидан илгари ўтишларига халқ таълими бошқармалари буйруғи билан рухсат берилади.
  • Бундай ҳолларда якуний аттестация ва синовлар мактаб директори тузган муваққат якуний аттестация комиссияси томонидан ва у тасдиқлаган жадвал асосида ўтказилади.

Chat