Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 27294 марта ўқилди

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича фуқароларга қуйидаги нафақалар берилади:

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси
  • Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси (шу жумладан, ҳомила тушган ҳолларда) 126 кун учун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — 140 кун) муддатга тўланади.
  • Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун иш (ўқиш) жойига меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим этиш лозим.
  • Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси йўқолган ҳолларда нафақа унинг ўрнига такрорий берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (дубликат) асосида берилади.
  • Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа иш ҳақининг (стипендия) 100 фоизи миқдорида берилади.
  • Нафақа, аёл таътилга кетгунга қадар тўланади. Агар кетгунга қадар олинмаган бўлса, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат қилиш лозим. Ушбу муддат ўтгандан кейин нафақа тўланмайди.

Қўшимча дам олиш куни учун бериладиган нафақа

Ногирон боласини тарбиялаётган ишловчи ота-онанинг бирига (васийга, ҳомийга) бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида ҳақ тўлаган ҳолда ойига қўшимча бир дам олиш куни берилади.

Дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа

Вафот этган шахсни дафн этиш учун уни қариндошларига, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсга нафақа тўланади. Нафақа Пенсия жамғармаси ёки ишхона томонидан тўланади.

Дафн этиш учун нафақа пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 4 баравари миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиради.

Дафн этиш нафақасини олиш учун мурожаат қилган шахс унинг бунга ҳуқуқи бўлмаса, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нафақани олиш учун фуқаронинг ўлими қайд қилингандан бошлаб 60 кундан кейин мурожаат қилган бўлса дафн этиш учун нафақа тўлаш рад этилади.

Дафн маросимларини ўтказиш учун нафақа пулини олишга ариза бериш

Ишлаб турган ходим ёки унинг оила аъзоси вафот этганда нафақа у ишлаб турган ташкилот томонидан тўланади. 

Бунда, нафақа ходим ёки унинг қарамоғида бўлган қуйидаги оила аъзолари вафот этганда берилади
  • турмуш ўртоғи;
  • 18 ёшга тўлмаган ёки вақтинча меҳнатга қобилиятсиз (ёшидан қатъи назар) болалари, ака-укалари ва опа-сингиллари;
  • ота-онаси;
  • бобоси ёки бувиси.


Дафн маросими учун нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш схемаси

Ҳаётий мисол:

Савол: Л. исмли аёл асосий иш жойидан ташқари, бошқа корхонада ҳам ўриндошлик асосида ишлаши, 2020 йил 6 сентябрдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққанлиги, лекин ушбу таътил учун унга фақат асосий иш жойидаги лавозими бўйича тўлов амалга оширилиб, ўриндошлик асосида ишловчи иш жойидан бериладиган иш ҳақи миқдори инобатга олинмагани, иш берувчининг ушбу хатти-ҳаракати тўғри ёки нотўғри эканлиги ҳақида тушунтириш беришни сўради. 

Жавоб: Ходим асосий иш жойидан ташқари ўша ёки бошқа корхонада ўриндошлик асосида ишласа, нафақа барча иш жойидаги умумий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

Шу сабабли, ушбу ҳолатда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани ҳисоблашда ҳар иккала (асосий ва ўриндошлик) иш жойидаги лавозими бўйича тўланадиган иш ҳақи миқдори инобатга олиниши лозим эди.

Chat