Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18851 марта ўқилди

Даврийлик қандай белгиланади

Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш даврийлиги аҳоли пунктининг санитария ҳолати, касаллик қўзғатувчи бактериялар ривожланишининг олдини олиш зарурати ва маҳаллий иқлим шароитлари ҳисобга олинган ҳолда туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

Маҳаллий ҳокимлик белгилайдиган даврийлик қонунчиликда назарда тутилган минимал даврийликдан кам бўлиши мумкин эмас.

Маъмурий марказлар ва шаҳарларда

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманларнинг маъмурий марказларида, шаҳарлар, шаҳарчалар ва Тошкент шаҳрида чиқиндилар:

  • чиқинди тўплаш шохобчаларидан — ҳар куни бир марта;
  • якка тартибдаги уй-жой секторидан «сигнал» усулида — уч кунда бир мартадан кам бўлмаган ҳолда олиб чиқилиши керак.

Республиканинг бошқа ҳудудларида

Қолган ҳудудларда чиқиндилар:

  • чиқинди тўплаш шохобчаларидан — икки кунда бир марта;
  • якка тартибдаги уй-жой секторидан «сигнал» усулида — ҳафтада бир мартадан кам бўлмаган ҳолда олиб чиқилади.

Аввал амалда бўлган “барча ҳудудларда контейнерлардан ҳар куни, «сигнал» усулида уч кунда бир марта” деган умумий қоида энди республиканинг барча ҳудудларига бир хил татбиқ этилмайди.

Чиқиндиларни олиб чиқиш жадвали

Аниқ жадвал хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан келишилган ҳолда белгиланади. Жадвалдаги оралиқ туман ёки шаҳар ҳокимлиги белгилаган даврийликдан ошиб кетмаслиги керак.

Хизмат кўрсатувчи ташкилот жадвалга риоя қилмаса, истеъмолчи:

  • ташкилотнинг диспетчерлик хизматига буюртманома бериши;
  • ҳудудий экология органига;
  • Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиши мумкин.

Диспетчерлик хизматига тушган буюртманома бир иш кунидан кечикмай бажарилиши лозим.

Чиқинди тўпланиш меъёри

Олиб чиқиладиган чиқинди ҳажми тасдиқланган тўпланиш меъёрлари асосида аниқланади. Турар жойлар учун меъёр уйнинг ободлик даражаси, газ, иссиқлик, сув ва канализация мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда бир кеча-кундузда бир киши ҳисобига белгиланади.

Тўпланиш меъёрлари ижтимоий-иқтисодий, демографик ва ободлик шароитлари ўзгаришига қараб, камида беш йилда бир марта қайта кўриб чиқилиши керак.

Ушбу қоидалар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган.

Chat