Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 131207 марта ўқилди

  • Болалар нафақаси 12 ой муддатга тайинланади, бироқ оиланинг энг кичик ёхуд ягона боласи тегишлича ўн саккиз ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади.
  • Моддий ёрдам бола(болалар)сиз ёки барча болалари 18 ёшдан катта бўлган оилаларга ва якка-ёлғиз фуқароларга 6 ой муддатга тайинланади ва тўланади.
  • Агар бир оилада туғилган, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган болалар эгизак бўлса, уларнинг бири ёши 3 ёшгача бўлган кичик бола, кейингилари мос равишда иккинчи, учинчи ёки тўртинчи ҳисобланади.
  • «Ягона реестр» АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар (шахслар) қўшимча ҳужжатлар ва маълумотномаларни тақдим этмасдан, қонунчилик ҳужжатларида ушбу тоифадаги оилалар (шахслар)га белгиланган тартибда бепул ёки имтиёзли шартларда кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлардан фойдаланишга ҳақлидир.
  • Бунда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган хизматлардан фойдаланиш ва имтиёзларни олиш учун «Ягона реестр» АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оила (шахс)га Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 3 дақиқа ичида маълумотнома тақдим этилади. Ушбу маълумотнома оила (шахс) «Ягона реестр» АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилган ойдан бошлаб ўн икки ой давомида амал қилади.
  • Агар битта оила сўнгги 12 ой давомида кетма-кет «Ягона реестр» АТ орқали бир неча маротаба кам таъминланган деб эътироф этилган бўлса, бунда маълумотноманинг амал қилиш муддати ушбу оила охирги маротаба кам таъминланган деб эътироф этилган ойдан бошланади.
  • Оила (шахс) «Ягона реестр» АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома Низомнинг 1а-иловага мувофиқ схема бўйича тақдим этилади.

Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам Низомнинг 2-иловасига мувофиқ схема бўйича тайинланади ва тўланади.

  • Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш учун ариза зарур ҳужжатлар билан бирга бевосита ариза берувчининг доимий ёки вақтинча яшаш манзилидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилади ва рўйхатга олинади.
  • Ариза фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан махсус рўйхатга олиш дафтарида қайд этилади, бунда аризанинг берилган санаси, ариза берувчининг исми, фамилияси, отасининг исми ва яшаш манзили кўрсатилади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади
  1. ариза берувчи ва оила аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси паспорти ёки ID-карталари (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади);
  2. чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади);
  3. болалари васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органи қарорининг нусхаси илова қилинади;
  4. оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари тўғрисида Низомнинг 3а-иловасига мувофиқ шакл бўйича маълумот;
  5. ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни Марказий банк томонидан «Ягона реестр» АТга тақдим этиш тўғрисида оилада бирга яшовчи 18 ёш ва ундан катта ёшдаги муомалага лаёқатли барча оила аъзолари имзолари билан тасдиқланган Низомнинг 3б-иловасига мувофиқ шакл бўйича ариза.

  • Бунда бирга яшовчи 18 ёш ва ундан катта ёшдаги муомалага лаёқатли барча оила аъзолари имзоларининг ҳақиқийлиги учун ариза берувчи жавобгар бўлади. Ариза берувчи томонидан ушбу бандда келтирилган барча ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилганлиги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан текширилади.
  • Оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ва унга болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш учун аризалар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига оила ушбу нафақа ёки моддий ёрдам олишни истаётган ойдан олдинги ойнинг 16-санасига қадар тақдим этилади. Бунда юқорида кўрсатиб ўтилган муддатдан кейин берилган аризалар белгиланган тартибда кейинги ойда кўриб чиқилади.
  • Ариза берувчи томонидан ушбу бандда келтирилган барча ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ҳолларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ариза берувчига қўшимча равишда қайси ҳужжатлар тақдим этилиши кераклиги ҳақида хабар қилади. Ушбу ҳолатларда ариза берувчи томонидан тақдим этилиши керак бўлган ҳужжатлар қўшимча беш кун ичида, бироқ ушбу нафақа ёки моддий ёрдам олишни истаётган ойдан олдинги ойнинг 16-санасига қадар тақдим этилиши шарт.

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг «Ягона реестр» АТ томонидан электрон сўров юборилган кунда ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат стажи ҳисобланиши учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган (тўлиқ) миқдорда ижтимоий солиқ тўланганда ҳисобга олинади.


2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тўлаш муддатлари тугагунига қадар, мазкур турдаги нафақалар ва моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг кам таъминланган оилалар ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали 2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни автоматик тарзда, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатишнинг янги тартибига асосан нафақа миқдори ошиши назарда тутилган фуқаролардан қўшимча ариза ва ҳужжатлар талаб этмаган ҳолда, кам таъминланган оилаларга болалар нафақасига ўтказиш тўғрисидаги таклифлари мақуллансин.


Болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам миқдорлари

а) болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:

  • 250 000 сўм – 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун;
  • 325 000 сўм – ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;
  • 150 000 сўм – оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;
  • 100 000 сўмдан – оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;

б) кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 380 000 сўм.


Болалар нафақаси тайинланган оилада болалар сони ўзгарган тақдирда (навбатдаги бола туғилганда, 18 ёшгача болалардан бири вафот этганда, бола (болалар) 3 ёшга ва 18 ёшга тўлганда ва шу кабилар), болалар нафақаси миқдори болаларнинг тегишли сонидан келиб чиқиб, кейинги ойдан бошлаб қайта ҳисобланади.


  • Оиланинг бир аъзосига тўғри келадиган ўртача бир ойлик даромад ҳажмини аниқлаш
  • Болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этиш асослари
  • Болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тўлаш ва тўхтатиш

Ҳаётий мисол

Савол: К. исмли шахс 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб болали оилаларга нафақа тайинлашда бир қатор ўзгаришлар бўлганлигини эшитганлиги ҳақида маълум қилиб, улар ҳақида тушунтириш беришни сўради. 

Жавоб: 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси жорий этилди. Бунда, болалар нафақасини тайинлашда:

инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди;

тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилди;

унинг миқдорини оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгилаш тартиби қўлланилди;

б) якка-ёлғиз бўлган фуқароларга, фарзанди бўлмаган ёки барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш белгиланди.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг қуйидаги миқдорлари белгиланди:

а) болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:

250 000 сўм – 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун, 325 000 сўм – ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;

150 000 сўм – оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;

100 000 сўмдан – оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;

б) кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 380 000 сўм.

Бунда, 2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тўлаш муддатлари тугагунига қадар, мазкур турдаги нафақалар ва моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинди.

Chat