Васиятнома фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулк ёки унга нисбатан ҳуқуқларни вафотидан кейин тасарруф этиш ҳақидаги хоҳиш-иродасини ифодалайди.
Васиятнома:
Муҳим! Васиятномани вакил орқали тузишга йўл қўйилмайди.
Васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилиши ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олиниши мумкин.
Васиятномани тасдиқлашда васият қилувчидан васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинмайди. Фуқаро ҳозир унга тегишли бўлмаган, аммо мерос очилгунга қадар унга тегишли бўлиб қолиши мумкин бўлган мол-мулкни ҳам васият қилиши мумкин.
Васият қилувчи васиятномага ўз қўли билан имзо қўяди ва фамилияси, исми, отасининг исмини тўлиқ ёзади.
Жисмоний нуқсон, касаллик ёки саводсизлик сабабли шахсан имзолай олмаса, унинг илтимосига кўра бошқа фуқаро нотариус ҳузурида имзо қўйиши мумкин. Васиятномада бунинг сабаби ва имзо қўйган шахс ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.
Васиятномани имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилади.
Васият қилувчи хоҳласа, нотариус унинг мазмуни билан танишмаган ҳолда махфий васиятномани тасдиқлайди. Бундай васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан ёзилиши ва имзоланиши шарт.
Махфий васиятнома икки гувоҳ ва нотариус иштирокида хатжилдга солиниб, муҳрланади. Гувоҳлар хатжилдга ўз маълумотларини ёзиб, имзо қўядилар.
Васият қилувчи исталган вақтда васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун хоҳлаган нотариал идорага мурожаат қилиши мумкин.
Тартиб Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Нотариат тўғрисида»ги Қонун ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома билан белгиланган.