Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16036 марта ўқилди

Хизматлар шартнома асосида кўрсатилади

Истеъмолчига ичимлик сувини етказиб бериш ва ундан оқова сувларни қабул қилиш сув таъминоти ташкилоти билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

Шартномада, жумладан:

  • ичимлик сувини етказиб бериш ва оқова сувларни чиқариш тартиби;
  • сув сифатига қўйиладиган талаблар;
  • хизмат кўрсатилмаган ёки тўлиқ кўрсатилмаган ҳолларда қайта ҳисоб-китоб қилиш;
  • хизматни тўхтатиш ёки чеклаш шартлари;
  • ҳисобга олиш ва тўлов тартиби;
  • тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлик чегаралари;
  • шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби кўрсатилиши керак.

Қарздорлик юзага келганда турар жойда доимий рўйхатдан ўтган вояга етган шахслар тўлов бўйича солидар жавобгар бўлади.

Кўп квартирали уйдаги жавобгарлик чегараси

Сув таъминоти ташкилоти истеъмолчининг ҳудуди ёки кўп квартирали уйга кириш нуқтасигача бўлган тармоқ учун жавоб беради. Уйнинг ички сув тармоқлари ҳамда юқори қаватларга сув етказиб берувчи насосларни сақлаш ва уларга хизмат кўрсатиш кўп квартирали уйни бошқариш органи зиммасига киради.

Юқори қаватдаги ҳисоблагичсиз хонадонга сув узлуксиз чиқмаса, сув бўлмаган кунлар учун сарф кўчадаги сув манбаларидан фойдаланиш нормаси бўйича ҳисобланади. Бунинг учун бошқариш органи ва сув таъминоти ташкилоти вакиллари иштирокида далолатнома тузилиши лозим.

Муҳим: сув чиқмагани ҳақида далолатнома тузилмаса, кейинчалик қайта ҳисоб-китоб талаб қилиш қийинлашиши мумкин.

Сув ҳисоблагичини ўрнатиш

Сув ҳисоблагичини дастлабки ўрнатиш, одатда, истеъмолчининг маблағи ҳисобидан амалга оширилади. Шартнома тузилган ва тўлов тўлиқ амалга оширилганидан кейин ҳисоблагич 30 календарь кун ичида ўрнатилиши керак.

Ижтимоий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларга ҳисоблагич сув таъминоти ташкилоти маблағлари ҳисобидан ўрнатилиши, сарфланган маблағ эса 12 ой давомида қайтарилиши мумкин.

Аҳолига тегишли фойдаланиш муддати тугаган сув ҳисоблагичини алмаштириш сув таъминоти ташкилоти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ҳисоблагични ечиш, ўрнатиш ва пломбалаш далолатнома билан расмийлаштирилади. Пломбалаш учун алоҳида ҳақ ундирилмайди.

Ҳисоблагични қиёслаш, таъмирлаш, қайта ўрнатиш ва пломбалаш ишлари совуқ сув ҳисоблагичлари бўйича 30 календарь кундан ошмаслиги керак.

Ҳисоблагич бўлмаганда ҳисоб-китоб

Ҳисоблагич бўлмаган ҳолда сув сарфи маҳаллий ҳокимлик тасдиқлаган истеъмол нормалари асосида ҳисобланади.

Ҳеч ким доимий рўйхатдан ўтмаган ва ҳисоблагич ўрнатилмаган хонадонларда тўлов:

  • бир ва икки хонали уйда — 1 киши;
  • уч хонали уйда — 2 киши;
  • тўрт хонали уйда — 3 киши;
  • беш хонали уйда — 4 киши ҳисобидан, қонунчиликда белгиланган оширувчи коэффициент қўлланган ҳолда ҳисобланади.

Тўлов муддати

Ичимлик суви ва оқова сув хизматлари учун кейинги ойга ҳар ойнинг 10-санасига қадар 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади. Ҳисоблагич мавжуд бўлса — охирги уч ойдаги ўртача сарф, ҳисоблагич бўлмаса — ойлик истеъмол нормаси асос қилиб олинади.

Мазкур тартиб «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида»ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сон қарори билан тартибга солинади.

Chat