Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22898 марта ўқилди

Ижро хатининг мазмуни

Ижро хати — нотариус томонидан қарздордан пул ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш учун қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатга қўйиладиган ижро ёзувидир.

Ижро хати суд муҳокамасисиз берилади, бироқ фақат қарздорлик шубҳасиз ва ҳужжатлар билан тўлиқ тасдиқланган ҳолларда қўлланилади.

Муҳим: тарафлар ўртасида қарзнинг мавжудлиги, миқдори ёки мажбуриятнинг бажарилганлиги юзасидан низо бўлса, масала суд тартибида ҳал қилиниши лозим.

Ижро хати бериладиган шартлар

«Нотариат тўғрисида»ги Қонунга кўра, ижро хати:

  • тақдим этилган ҳужжатлар қарздорлик ёки бошқа мажбуриятнинг шубҳасизлигини тасдиқласа;
  • талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса ёзилади.

Агар муайян талаб учун қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлса, ижро хати шу муддат доирасида берилади.

Ундиришга асос бўладиган ҳужжатлар

Ижро хати фақат Вазирлар Маҳкамасининг 26-сон қарори билан тасдиқланган рўйхатдаги ҳужжатлар бўйича берилади.

Улар қаторига, жумладан:

  • пул олиш, мол-мулкни қайтариш ёки бериш билан боғлиқ нотариал тасдиқланган битимлар;
  • кредитлар бўйича қарздор ва кафилларнинг муддати ўтган қарздорлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • гаров ва айрим бошқа таъминланган мажбуриятлар;
  • телекоммуникация хизматлари бўйича айрим қарздорликлар;
  • мактабгача таълим ва ихтисослаштирилган мактабларда болалар таъминоти учун тўлов қарздорлиги;
  • рўйхатда бевосита назарда тутилган бошқа ҳужжатлар киради.

Нотариал битим бўйича ижро хати

Пул олиш, мулкни қайтариш ёки бериш билан боғлиқ нотариал тасдиқланган битим бўйича, одатда:

  • нотариал тасдиқланган битимнинг асл нусхаси;
  • кредиторнинг қарздорга нотариус орқали юборган, тўлов муддати ўтганлиги ёки мол-мулк қайтарилмагани ҳақидаги ёзма билдиришномаси;
  • қарздорлик миқдорини тасдиқловчи ҳисоб-китоб ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилади.

Кредитор талаб қилаётган сумма асосий қарз, фоиз, пеня ва бошқа тўловлар кесимида аниқ ҳисобланган бўлиши керак.

Кредит шартномаси бўйича ҳужжатлар

Кредит қарздорлиги бўйича:

  • кредит шартномасининг асл нусхаси;
  • қарздорнинг шахсий ҳисобварағидан қарз миқдори кўрсатилган кўчирма;
  • қарздорга юборилган талабнома;
  • қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳужжатлар тақдим этилади.

Нотариус кредит шартномасидан нусха олиб, унинг аслини ундирувчига қайтариши мумкин.

Нотариуснинг текшируви

Нотариус:

  • ариза берувчининг ваколатини;
  • ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва етарлилигини;
  • қарзнинг ҳисоб-китобини;
  • талаб муддати ўтмаганини;
  • қарздорга билдиришнома юборилганини;
  • қарз юзасидан низо мавжуд эмаслигини текширади.

Талаб рўйхатга кирмаса, ҳужжатлар қарзнинг шубҳасизлигини тасдиқламаса ёки тарафлар ўртасида низо мавжуд бўлса, нотариус ижро хати беришни рад этади.

Ижро хатини ижро этиш

Ижро хати ижро ҳужжати ҳисобланади ва ундирувчи уни қонунчиликда белгиланган тартибда Мажбурий ижро бюросига тақдим этиши мумкин.

Қарздор ижро хатини ёки нотариуснинг ҳаракатини нотўғри деб ҳисобласа, нотариал идора жойлашган ердаги судга шикоят қилишга ҳақли.

Тўловлар

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга кўра, ижро хати учун ундириладиган сумманинг 1 фоизи, бироқ кўпи билан 10 БҲМ миқдорида давлат божи ундирилади.

Қарз шартномасидан келиб чиқадиган пул суммасини ундириш ҳақида ижро хати берилганда белгиланган ставканинг 50 фоизи ундирилади. Қўшимча ҳуқуқий ва техник хизматлар алоҳида тўланиши мумкин.

Chat