Ҳудудларни тозалаш учун масъуллар
Санитария жиҳатидан тозалаш ишларига ҳудудларни тозалаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш киради.
Ҳудудларни тозалаш:
- ободонлаштириш объектларида — шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари;
- кўп квартирали уйлар атрофида — ширкат ёки бошқарувчи ташкилот;
- якка тартибдаги уй ва ташкилотларнинг ер участкаларида — мулкдор, фойдаланувчи ёки ижарачи;
- автомобиль йўллари ва йўл иншоотларида — уларга хизмат кўрсатувчи ташкилот;
- темир йўлнинг ажратилган ҳудудида — темир йўл ташкилоти;
- бозор ва унга туташ ҳудудда — бозор маъмурияти;
- бекатлардаги вақтинчалик савдо объектларида — объект эгаси;
- савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтаси атрофидаги 5 метр радиусда — тегишли тадбиркор томонидан амалга оширилади.
Чиқинди қутиларини ўрнатиш
Чиқинди қутилари, жумладан:
- кўп квартирали уй подъездига киришда — 1 та;
- ташкилот ва савдо объекти кириш-чиқишида — 1–2 та;
- метро ҳамда ер ости ва ер усти ўтиш жойларининг ҳар бир кириш-чиқишида — 2 та;
- боғ ва хиёбонларда — ҳар 800 м² майдонга 1 та;
- бозор ва йирик савдо объектларида — ҳар 250 м² майдонга 1 та;
- жамоат транспорти бекатларида — 1–2 та;
- автотураргоҳ кириш-чиқишида — 1–2 та;
- даволаш муассасалари ҳовлисида — ҳар 700 м² майдонга 1 та;
- серқатнов пиёдалар ҳудудида ҳар 50 метргача, одам кам жойларда ҳар 100 метргача масофада ўрнатилади.
Қутилар пиёдалар, ногиронлиги бўлган шахслар, болалар аравачалари ва велосипедлар ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги керак. Улар тўлишига қараб, лекин суткада камида бир марта бўшатилиши ва тозаланиши лозим.
Чиқинди тўплаш шохобчасининг жойлашуви
Чиқинди тўплаш шохобчалари:
- турар жой бинолари деразаларидан;
- болалар муассасалари ҳудуди чегарасидан;
- дам олиш жойларидан камида 20 метр ва кўпи билан 100 метр масофада жойлаштирилади.
Шохобча моддий маданий мерос кўчмас мулк объектининг қўриқланадиган теграси чегарасидан ташқарида бўлиши керак. Махсус транспортнинг кириши, контейнерларни бўшатиши ва бурилиши учун қулай шароит яратилиши лозим.
Чиқинди тўплаш шохобчасини ўзбошимчалик билан кўчириш ёки йўқ қилиш мумкин эмас. Амалдаги шохобча фақат янги шохобча қурилганидан кейин бузилиши мумкин.
Маиший чиқиндиларни жойлаштириш
Кўп квартирали уйларда чиқиндилар чиқинди тўплаш шохобчасидаги контейнерларга ташланади.
Якка тартибдаги уй-жой секторларида «сигнал» усули қўлланилса, чиқиндилар махсус транспорт жадвал бўйича келгунига қадар уй ҳудудида сақланади ва бевосита транспортга топширилади. Бунинг учун 40–120 литрли, ғилдиракли ва зич ёпиладиган қопқоқли контейнерлардан фойдаланиш мумкин.
Йирик габаритли чиқиндилар
Йирик габаритли чиқиндилар сув ўтказмайдиган қоплама ва ёмғир сувини оқизиш тизимига эга, майдони камида 8–10 м² бўлган махсус майдончада тўпланади.
Якка тартибдаги уй-жой ҳудудида бундай майдонча энг яқин турар жой ёки одамлар доимий бўладиган объектдан камида 20 метр узоқликда жойлаштирилади. Унинг самарали қамров радиуси 100–200 метр бўлиши мумкин.
Муқобил равишда мультилифт тизимида ташиладиган 3–6 м³ ҳажмли контейнерлар ўрнатилиши мумкин.
Чиқиндиларни алоҳида тўплаш
Чиқинди тўплаш шохобчаларида қуйидаги тўрт турдаги контейнерлар назарда тутилади:
- қайта ишланадиган чиқиндилар учун — кўк;
- органик чиқиндилар учун — жигарранг;
- қайта ишланмайдиган чиқиндилар учун — кулранг;
- хавфли маиший чиқиндилар учун — тўқ сариқ.
Қўшимча равишда пластмасса учун сариқ, шиша учун оқ ва қоғоз учун ҳаворанг контейнерлар ўрнатилиши мумкин.
Тақиқланадиган ҳаракатлар
Қуйидагилар тақиқланади:
- чиқиндиларни кўча, ҳовли, ариқ, сув йўли ёки бошқа рухсат этилмаган жойга ташлаш;
- суюқ чиқиндиларни ариқ, дренаж ёки ёмғир канализациясига оқизиш;
- чиқиндилар ва баргларни махсус ускунасиз ёқиш;
- йирик габаритли ва қурилиш чиқиндиларини оддий контейнерларга ташлаш;
- чиқиндиларни махсус мўлжалланмаган транспортда ташиш;
- маиший чиқиндиларни махсус транспорт кузовидан ташқарида ташиш.
Мазкур талаблар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 787-сон қарори билан тасдиқланган қоидаларда белгиланган.