Муайян фаолиятни ёки ҳаракатни амалга ошириш учун қонунчиликда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олиш талаби белгиланиши мумкин. Бундай ҳужжат рухсатнома, келишув, хулоса, гувоҳнома ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа номда бўлиши мумкин.
Рухсатнома талаб қилинадиган фаолият ва ҳаракатларнинг тўлиқ рўйхати «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуннинг 2-иловасида белгиланган.
Қонуннинг 2-иловасида назарда тутилмаган фаолият ёки ҳаракат учун рухсатнома талаб қилиш мумкин эмас.
Ариза, одатда:
Аризага фақат тегишли рухсатнома паспортида кўрсатилган маълумот ва ҳужжатлар илова қилинади. Давлат органларида мавжуд маълумотларни аризачидан қайта талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Ҳар бир рухсатнома бўйича талаблар, йиғим миқдори ва кўриб чиқиш муддати унинг паспортида белгиланади. Умумий қоидага кўра, аризани кўриб чиқиш муддати 20 иш кунидан ошмаслиги керак, бироқ айрим фаолият турлари учун Вазирлар Маҳкамаси узоқроқ муддат белгилаши мумкин.
Рухсатнома электрон шаклда расмийлаштирилади ва махсус реестрга киритилади. Унинг ҳақиқийлиги ҳужжатдаги QR-код орқали текширилади.
Агар рухсатнома реестрда мавжуд бўлса, унинг қоғоз нусхасини тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.
Рухсатнома беришни рад этишга фақат қонунчиликда белгиланган асослар бўйича йўл қўйилади. Масалан, ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса, талабгор белгиланган талабларга жавоб бермаса ёки мажбурий текширув натижаси салбий бўлса.
«Рухсатнома бериш мақсадга мувофиқ эмас» деган важ билан рад этиш мумкин эмас. Рад этишда аниқ сабаблар ва қонунчилик нормалари кўрсатилиши шарт.
Талабгор камчиликларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран тақдим этиши ёки қарор, ҳаракат ёхуд ҳаракатсизлик устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.