Сайт тест режимида ишламоқда

Ҳуқуқий ахборот - ҳаммага, ҳар доим, ҳамма жойда!

  • 1753 марта ўқилди

1-савол: Ходимни масофавий иш усулига ўтказиш тартиби қандай?

Жавоб:Масофадан иш – ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган меҳнат мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, бевосита ёки билвосита назоратида бўлган доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш.

Вақтинчалик ишга ўтказиш муддати кўрсатилган буйруқ асосан амалга оширилади.

Бунда Меҳнат кодексининг 73-моддасида назарда тутилган шартлар ҳамда қуйидагиларни киритиш тавсия этилади:

иш берувчи ва ходим ўртасида электрон ҳужжат алмашинуви бўйича ўзаро алоқалари тартиби;

ходимнинг меҳнат мажбуриятларини амалга ошириш учун зарур бўлган жиҳозлар ва/ёки техника воситаларидан фойдаланиш тартиби, агар томонлар тарафидан ходимга тегишли жиҳозлар ва/ёки техника воситаларидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув мавжуд бўлмаса;

иш берувчи билан доимий алоқаларини таъминлаш мақсадида ходимни алоқа воситалари билан таъминлаш, шу жумладан, Интернетга кириш;

иш берувчи томонидан ходимга берилган жиҳозлар ва техникаларнинг ходимнинг айби билан бузилганда, етказилган зарарни ходим томонидан иш берувчига қоплаб бериш билан боғлиқ шартлар;

ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариш учун шахсий жиҳозлар ва/ёки  техника воситаларига, шунингдек, алоқа воситалари, шу жумладан Интернетдан фойдаланган тақдирда харажатларни қоплаш тартиби ва шартлари;

ходим ва иш берувчининг зарурий меҳнат муҳофазаси ва шароитларига амал қилиш бўйича мажбуриятлари;

ходимни ишлаб чиқариш зарурияти туғилганда доимий иш жойига қайтариш шартлари.

Ходим ва иш берувчи ўртасидаги электрон ҳужжат алмашиш йўли орқали алоқалар қонунчиликда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

Ходим иш вақтининг давомийлиги ва тартибини ишлаб чиқариш топшириғининг ҳажми ва меҳнат шартномасида кўрсатилган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгилайди. Иш  жадвали тарафлар келишувига биноан белгиланади.

Масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Унга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек,  тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилмайди.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби ва миқдори ўзгармайди. Шунингдек, меҳнат таътили ҳамда қонунчиликда ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлар сақланиб қолинади.

2-савол: Фарғона вилоятида яшайман, ўз туманимда шахсий автомобилимда ҳаракатланишим учун рухсатнома ва стикер керак бўладими?

Жавоб: Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, мазкур чекловлар фақат бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўтишда, шунингдек Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларига тааллуқли. Бошқа шаҳар ва туманларда автотранспорт бошқаришда бундай чекловлар ўрнатилмайди. Стикер олиш ҳам шарт бўлмайди. Шунинг учун ҳам сизга ўз ҳудудингизда ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома ва стикер керак бўлмайди.

3-савол: Фуқароларни мажбурий тартибда карантинда сақлаш мумкинми?

Жавоб:Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 292-моддасига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин.

▶ Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси 30 суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ижро этилади.

▶ Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланади.

4-савол: Банкоматларда "cash in", яъни картани нақд пул орқали тўлдириш операциясини амалга ошириш функцияси мавжудми?

Жавоб:Банклар томонидан республика миқёсида жами 5 мингдан ортиқ банкомат жойларга ўрнатилган бўлиб, улардан 948 тасида cash in/out функция бор. 548 банкомат Uzcard, 400 таси Humo тизимида ишлайди. Мазкур банкоматлар орқали мижозлар нақд пул маблағларини банк карталарига кирим қилиш имкониятига эга

5-савол: Бу йил олий таълим муассасалари битирувчилари якуний давлат аттестациясини қандай тартибда топширади?

Жавоб: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати маълумотига кўра, якуний давлат аттестациясини давлат имтиҳони шаклида (онлайн тест синовлари, онлайн ҳимоя ва бошқа шаклларда) ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Бугунги кунда талабаларимиздан асосий талаб карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда уйда ўқитувчилар томонидан берилаётган топшириқларни мунтазам бажариб бориш ва ўқув режасидаги фанларни мустақил ўзлаштиришдир.

6-савол: Уйда ўтириб ишласам, ойлигимнинг ярми тўланадими?

Жавоб:Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 28 мартда 3228-рақами билан рўйхатдан ўтказилган низомга кўра, уйда ишлашга ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

✔ меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг уйда ишлашга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;

✔ меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида.

▶ Демак, ушбу ҳолатда Сизга ойлик иш ҳақлари иш берувчи ва Сиз ўртангизда тузилган меҳнат шартномасида назарда тутилган тартибда тўлиқ тўлаб берилади!

7-савол: Мен мактабга ишга кирганимга 3 ой бўлди, бир нафар 3 ёшга тўлмаган фарзандим ҳам бор, ҳозир карантин бўлгани учун ўз ҳисобингиздан таътилга чиқишингиз керак дейишмоқда. Пуллик таътил бериш учун 6 ой ишлаган бўлишим керак экан, шу ростми?

Жавоб:Меҳнат кодекси 143-моддасига мувофиқ, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан кейин берилади.

✔Лекин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартда қабул қилинган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони 18-бандига асосан, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларнинг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқувчиларининг ота-оналарига (улар ўрнини босувчи шахсларга, васийларга, ҳомийларга) йиллик таътилдан фойдаланиш графигидан қатъи назар (шу жумладан 6 ойдан кам ишлаганларга) йиллик таътил тақдим этилади, деб белгиланган.

✔Шунга кўра, Сизга ҳам йиллик асосий таътил берилиши мумкин.

8-савол: Банкдан кредит олгандим. Карантин туфайли кредитни кечиктириб тўласам бўладими?

Жавоб: Ҳар бир кредит шартномасида форс-мажор ҳолатлари кўрсатиб ўтилади, унга кўра, тарафлардан бири ўз мажбуриятини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар сабабли бажара олмайди.

Ҳозирда карантин жорий қилинганлиги ҳам мажбуриятни кечиктириб бажариш мумкинлигини англатади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ахборотида, жорий қилинган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздор – жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларига асосан 2020 йил 1 октябрга қадар кредит тўловларини қайтаришда имтиёзли давр бериш ва мос равишда якуний тўловлар муддатларини узайтириш, шунингдек, муддати ўтган қарздорликларни кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик юзасидан тавсияларни билдирган.

9-савол: Карантин сабабли ишдан бўшашга мажбур бўлдим. Ишсизлик нафақаси олсам бўладими?

Жавоб: Бўлади, бунинг учун ҳудудий бандлик ва меҳнат муносабатлари бўйича органга мурожаат қилишингиз лозим.

Амалдаги қонунчиликка кўра ишсизлик нафақаси кўпи билан:

  • ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта;
  • илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсга эса ўн уч календарь ҳафта мобайнида тўланади.

10-савол: Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда ишлаётган тиббиёт ходимларига қандай рағбатлантиришлар мавжуд?

Жавоб: Коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган ва зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:

  • врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм;
  • кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм;
  • бошқа ходимларга — 5 миллион сўм.

Махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида яъни ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.

11-савол: Уй шароитида ва стационар шароитда карантинда сақлашнинг фарқи нима?

Жавоб:Қачонки Ўзбекистон фуқаролари касаллик тарқалган ҳудуддан уюшган (кўпчилик) ҳолда олиб келинадиган бўлса, карантин стационар ҳолатда, якка тартибда олиб келинса, уй шароитида карантинга олинади.

Шу ўринда, стационар карантинда махсус (даволаш-профилактика ва санитария-эпидемиология) даволаш муассасаларида сақланади ҳамда бепул тиббий ёрдам кўрсатилади.

Ҳозирги кунда уй шароитида ва стационар шароитда карантинда сақлаш муддати 14 кунни ташкил этади. Ушбу муддат ичида коронавирус инфекцияси белгилари йўқ эканига ишонч ҳосил қилинса, карантин бекор қилинади

12-савол: Коронавирус инфекциясига чалинган ёки стационар шароитда даволанаётган фуқаролар васиятнома қолдириши қандай тартибда амалга оширилади?

Жавоб:Бу ҳолатда Фуқаролик кодексининг 1126-моддасига асосан нотариал идорага мурожаат қилиш шарт эмас. Мазкур шахсларнинг васиятномалари касалхона ёки стационар бош врачлари, уларнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ёхуд навбатчи врачлари томонидан тасдиқланиши мумкин.

Бу васиятномаларни кейинчалик нотариус томонидан нотариал тасдиқлаш талаб қилинмайди. Улар нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган ҳисобланади.

13-савол: Жарималарнии карантиндан кейин тўлашга рухсат мавжудми?

Жавоб: 2020 йил 3 апрелдаги "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармонига кўра, карантинга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни (карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик бундан мустасно) тўлаш муддатлари карантин муддати тугагунга қадар узайтирилиши белгиланган.

Мазкур норма фақат карантинга олинган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

14-савол: Коронавирус аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлган шахслар доирасига кимлар киради?

Жавоб:

  • коронавирус аниқланган шахс билан битта хонадонда яшаган шахс;
  • коронавирус аниқланган шахс билан бевосита жисмоний мулоқотда (қўл сиқиш, қучоқлашиш) бўлган шахс;
  • коронавирус аниқланган шахс билан мулоқотда (масалан, йўталаётганда) ҳимояланмаган шахс;
  • коронавирус аниқланган шахс билан 2 метрдан кам масофада 15 дақиқадан кўпроқ вақт давомида юзма-юз бўлган шахс;
  • 15 дақиқа ёки ундан кўпроқ вақт 2 метрдан кам масофада коронавирус аниқланган шахс билан бирга ёпиқ жойда бўлган шахс;
  • тиббий мутахассис ёки коронавирус аниқланган шахсни бевосита парваришлаган бошқа шахс ёки шахсий ҳимоя воситаларисиз ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузган ҳолда коронавирус аниқланган шахснинг бионамуналари билан ишлаган лаборатория мутахассислари;
  • самолётда, шаҳарлараро автобусда, поездда коронавирус аниқланган шахсдан ҳар қандай йўналишда икки ўриндиқ оралиғида ёки битта купеда (поездда) бўлган, шунингдек, коронавирус инфекцияси аниқланган шахс учиб кетган самолётда хизмат кўрсатган экипаж аъзолари.

15-савол: Мен Қўқон шахрида яшайман. Шахсий машинамда эркин ҳаракатланишим мумкинми?

Жавоб: Махсус комиссиясининг 2020 йил 8 апрелдаги қарорига асосан, 2020 йил 9 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракатланишига давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатнома бериш тўхтатилди.

Шу ўринда коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш мақсадида баъзи шаҳар марказларида ҳаракатлар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан вақтинча тўхтатилган. Шундан келиб чиққан ҳолда Қўқон шаҳри ҳокимлиги томонидан шаҳар марказида ҳаракатланиш вақтинча тўхтатилмаган бўлса, шахсий машинангизда ҳаракатланишингиз мумкин.

16-савол: Талабалар турар жойи учун тўлов пуллари қайтариб бериладими?

Жавоб: Олий таълим муассасалари ТТЖда яшовчи талабалар ўқув йили учун белгиланган тўловларни тўлиқ амалга оширган бўлсалар, фойдаланилмай қолган ойларига тўланган маблағлари талабанинг ёзма мурожаатига асосан қайтариб берилади ёки унинг розилиги билан кейинги ўқув йилига ўтказилиб, ётоқхонада яшаши учун қайта ҳисоблаб берилади.

17-савол: Чет элда ўқиётган фарзандимга пул жўнатишим керак. Ҳозирги вазиятда қандай йўл тутсам бўлади?

Жавоб: Ҳозирда пул ўтказмасини 2 та шаклда амалга оширишингиз мумкин:

Биринчиси, агар халқаро пластик карточкангиз бўлса, картадаги маблағингизни онлайн конверсия қилиш орқали хориждаги яқинингизга жўнатишингиз  мумкин.

Иккинчиси, банкнинг телефон рақамига мурожаат қилсангиз, банк сизнинг мурожаатингиз асосида ҳудудингиздаги комиссия штабига боғланади ва уйингизга махсус ички ишлар ходими борган ҳолда, унинг ҳамроҳлигида банк филиалига бориб келишингиз таъминланади.

Бунда, банкка бораётганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан боришингиз ва карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ҳимоя ниқоби тақишингиз ва антисептик воситалардан тез-тез фойдаланиб туришингиз сўралади.

18-савол: Карантин туфайли айрим ташкилотлар фаолиятида тўхталишлар бўлса ходимларга қандай кафолатлар бор?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 159-моддасига кўра, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади. Яъни, карантин ҳолатида корхона томонидан ходимларга бекор қолиш даври учун ўртача ойлик иш ҳақи тўланаверади.

Меҳнат кодексининг 150-моддасига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил ходимнинг аризасига кўра иш берувчи билан келишувга кўра белгиланади. Яъни иш берувчи ходимнинг розилигисиз унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бера олмайди.

19-савол: Мен ногиронлиги бор шахсман, вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтишим керак. Тиббиёт муассасасига ўз шахсий автомашинамда борсам бўладим?

Жавоб: Ҳақиқатан ҳам тиббиёт масканида даволанаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома ва тиббиёт ходимлари томонидан тавсия этилган дори-дармонлар учун йўлланма (рецепт) мавжуд бўлган тақдирда сиз шахсий автотранспортингиздан фойдаланишингиз мумкин.

Касаллик ҳақидаги тиббиёт ходимининг тегишли маълумотномаси ва дори-дармон олиш учун йўлланмаси асосида фуқароларнинг ўзларига тегишли автотранспорт воситаларида тиббиёт муассасаларига бориб келишларига йўл қўйилади.

Бундан ташқари, агар сизни, ёки яқинларингизни касалхонага олиб боришга жиддий зарурат (ўлимга олиб келувчи ёки бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар) туғилса, шахсий транспорт воситангиздан фойдаланишингиз мумкин.

Бундай ҳолатда йўл патруль ходимлари тўхтатса, ҳиссиётга берилмасдан, асаббузарликка йўл қўймай, юзага келган вазиятни ва кўчага чиқиш сабабини тўғри тушунтирсангиз, улар ҳам ҳолатни тўғри тушунишади. Лекин буни суиистеъмол қилиш керак эмас. Акс ҳолда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишингиз мумкин.

20-савол: Коронавирус билан касалланганлар кейинчалик ҳарбий соҳага қабул қилинмайдими?

Жавоб: Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров ушбу масалага ойдинлик киритиб, коронавирус билан оғриб ўтган (касал бўлган) шахслар учун ҳеч қандай чекловлар йўқлигини билдирди.

Шунингдек, нафақат ҳарбий соҳада, балки бошқа соҳаларда ҳам улар учун бирор бир чеклов бўлиши мумкин эмас.

21-савол: Масофавий иш усулида дам олиш кунидаги ишга 2 баравар иш хақи тўланадими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Мехнат кодексининг 157-моддасига биноан иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида 2 хисса миқдорида хақ тўланади.

Лекин, "Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида"ги низомнинг  9-бандига кўра, масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Бунда ходимга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилмайди.

22-савол: Никоҳдан ўтиш учун 2 март куни ариза берган эдим, карантин туфайли уни бориб олишнинг имкони йўқ. Бизга жарима қўлланиладими?

Жавоб: Амалдаги тартибга кўра никоҳга кириш ҳақидаги ариза қабул қилинганидан сўнг белгиланган 1 ойлик муддатда никоҳланувчилар ФХДЁ бўлимига мурожаат этишмаса яна уч ойгача  мурожаат этиши мумкин. Яъни жорий йилнинг 3 илюь кунига қадар мурожаат қилишлари мумкин.

Бунда фақат ўз вақтида келмаганлик сабаби аризада баён этилади. Ҳеч қандай жарима ёки ҳужжат талаб этилмайди фақат тиббий кўрик натижаси бўйича маълумотномани тақдим этиш лозим.

23-савол: Мен 29 кун белгиланган тартибда карантинда бўлдим ва карантинда сақланганим тўғрисида маълумотнома беришди. Иш жойимдан бу маълумотнома фақат ишга сабабсиз кела олмаганликни тасдиқлайди ҳамда ҳеч қандай компенсация ёки меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланмайди дейишди. Бу қанчалик тўғри?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–5969 сонли Фармонига асосан коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.

24-савол: Карантинга жойлаштирилган шахсларни карантиндан чиқаришда нималар эътиборга олинади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 апрелдаги 254-сон қарорига асосан карантиндан чиқаришда қуйидагилар инобатга олинади:

  • тана ҳарорати карантин муддатининг охирги 3 куни давомида меъёрдалиги;
  • ️нафас олиш белгиларининг яхшилиги;
  • касалликни бошқа белгилари мавжуд эмаслиги;
  • ️карантин муддатида жами уч маротаба полимеразия занжирли реакция (ПЗР) таҳлили ўрганишда манфий натижа чиққанлиги.

Chat