Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3289 марта ўқилди

Уй-жой қуриш учун ер участкалари аукцион орқали ажратилганида, ер участкалари қайси ҳудуддан берилади?

✅ Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш «E-IJRO AUKSION» ягона савдо майдончасида электрон аукционлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

✅ Ер участкалари фақат шаҳарсозлик ҳужжатлари (аҳоли пунктининг бош режаси ва аҳоли пункти тегишли қисмининг БРЛ) билан таъминланган аҳоли пунктлари ҳудудларида берилади (аукционга қўйилади).

Кимларга якка тартибда уй жой қуриш учун ер участкаси аукцион ўтказилмасдан ажратилади?

✅ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги 63-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 6-бандига кўра, якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,04 гектаргача ва ушбу ҳажм доирасидаги ер участкалари:

  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига,
  • давлат ва хусусий уй-жой фондидаги ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман (шаҳар) ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорларга аукционсиз берилади.

✅ Ер участкасини бериш бўйича имтиёзлар бир оилага бир марта (мулкдорнинг номига) берилади ва оиланинг бошқа аъзоларига татбиқ этилмайди.

Уй-жой қуриш учун ер участкасини олишда қимга мурожаат қилинади ва аризага қандай ҳужжатлар илова қилинади?

✅ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги 63-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандига кўра, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкасини олишга туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилинади ва аризага:

  • буюртмачиларнинг доимий яшаш жойи бўйича уй-жой кадастр ҳужжати нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);
  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ёки давлат ва хусусий уй-жой фондидаги ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман (шаҳар) ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорлар томонидан ер участкалари олишда эса ушбу фуқаролар тоифаларига мансубликни тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари аукцион орқали бериладими?

✅ Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ер участкаларини тақдим этиш ҳоллари мустасно бўлган ҳолда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали берилади.

Деҳқон хўжалиги юритиш учун фуқароларга ер участкалари бериш тартиби қандай?

✅ Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 55-моддасига кўра, оилали ва қишлоқ жойларда камида 3 йил мобайнида яшаб турган фуқароларга, шунингдек туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг биргаликда берилган тавсиясига эга бўлган ёш фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ер участкаси суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда, чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача ўлчамда берилади.

✅ Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари иморатлар ва иншоотлар қуриш ҳуқуқисиз берилади.

✅ Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкасини олишга муҳтож бўлган фуқаролар яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимлигига оиласининг таркибини ва ер участкасининг мўлжалланган жойини кўрсатган ҳолда ариза беради.

 

Chat