Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 51842 марта ўқилди

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.


Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Эр ва хотиннинг хоҳиши билан уларнинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги ўзаро келишуви нотариал тартибда тасдиқланиши мумкин.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини суд тартибида бўлиш

Умумий мол-мулкни бўлишда суд эр ва хотиннинг ҳар бирига мулкнинг қайси қисми берилиши лозимлигини аниқлайди. Эр (хотин)га унга қарашли улушдан ошиқ қийматга эга бўлган мол-мулк бериладиган ҳолларда, хотин (эр)га тегишли пул ёки ўзга компенсация белгиланиши мумкин.

Оилавий муносабатлар тугатилганда, суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин.

Вояга етмаган болалар эҳтиёжини қондириш учун олинган буюмлар (кийим-бош, пойабзал, мактаб ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар) бўлинмайди ҳамда болалар эр ва хотиндан қайси бири билан яшаса, унга компенсациясиз берилади.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобидан ўртадаги вояга етмаган болалар номига қўйилган омонатлар ўша болаларга тегишли ҳисобланиб, эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш пайтида эътиборга олинмайди.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки улар никоҳда турган даврда бўлинган тақдирда, эр ва хотин мол-мулкининг бўлинмай қолган қисми, шунингдек эр ва хотин томонидан улар никоҳда турган даврда орттирилган мол-мулк кейинчалик уларнинг биргаликдаги умумий мулкини ташкил қилади.

Никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан 3 йиллик даъво муддати қўлланилади.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда улушларни аниқлаш:

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади.

Суд вояга етмаган болалар манфаатларидан ва (ёки) эр ва хотиндан бирининг эътиборга лойиқ манфаатини ҳисобга олиб, жумладан, агар эр ёки хотин узрсиз сабабларга кўра даромад олмаган бўлса ёхуд эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини оила манфаатларига зарар етказган ҳолда сарфлаган бўлса, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушлари тенглигидан чекинишга ҳақлидир.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда эр ва хотиннинг умумий қарзлари уларга белгиланган улушларга мутаносиб равишда ҳар иккаласи ўртасида тақсимланади.

Агар эр ва хотиндан бири умумий мол-мулкни эр ёки хотиннинг эркига зид равишда ва оила манфаатига мос бўлмаган ҳолда ўз хоҳишига кўра сарфлаган ёки бошқа шахсга ўтказган бўлса, уни бўлишда бу мол-мулк ёки унинг қиймати ҳисобга олинади.

Нотариусга мурожаат қилиш тартиби билан ҳаволада танишинг.

Chat