Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 154935 марта ўқилди

Тез тиббий ёрдам қачон чақирилади?

Тез тиббий ёрдам инсоннинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирувчи, кечиктириб бўлмайдиган тиббий аралашувни талаб қиладиган ҳолатларда кўрсатилади.

Бундай ҳолатларга, жумладан:

  • тўсатдан оғир касалланиш;
  • сурункали касалликнинг кескин хуружи;
  • бахтсиз ҳодиса ёки оғир жароҳат;
  • заҳарланиш;
  • ҳомиладорлик ёки туғруқ билан боғлиқ оғир ҳолатлар;
  • инсон ҳаётига хавф солувчи бошқа ҳолатлар кириши мумкин.

Фуқаролар соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларида шошилинч тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Тез тиббий ёрдамни қандай чақириш мумкин?

Тез тиббий ёрдамга эҳтиёж туғилганда “103” ягона қисқа рақамига қўнғироқ қилинади.

Чақирув вақтида диспетчерга имкони борича аниқ:

  • воқеа содир бўлган манзил;
  • беморнинг ҳолати;
  • асосий белгилар ва шикоятлар;
  • беморнинг ёши;
  • қўнғироқ қилувчининг телефон рақами маълум қилиниши лозим.

Бу маълумотлар тез тиббий ёрдам бригадасини чақирувга тўғри йўналтириш учун зарур.

Тез тиббий ёрдам бепулми?

Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам аҳолига бепул кўрсатилади.

Ҳаёт учун хавф туғдирувчи ҳолатда тиббий муассасага мурожаат қилган шахсга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз рад этишга йўл қўйилмайди.

Тез тиббий ёрдам хизмати сутка давомида ишлайди. “103” рақами орқали чақирув амалга оширилади.

Ёлғон чақирув учун жавобгарлик борми?

Тез тиббий ёрдам хизматини била туриб асоссиз ёки ёлғон маълумот асосида чақириш бошқа беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатилишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Қонунчиликда махсус хизматларни, шу жумладан тез тиббий ёрдам хизматини била туриб ёлғон чақирганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.

Chat