Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 19256 марта ўқилди

Арзон уй-жой олиш ҳуқуқига эга хотин-қизлар

Имтиёзли ипотека кредити асосида арзон уй-жой қуйидаги уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ажратилиши мумкин:

  • оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар;
  • ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
  • Ижтимоий реестрга киритилган оилалардаги хотин-қизлар;
  • фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар.

Ногиронлиги бўлган хотин-қизларга кўп квартирали арзон уйларнинг биринчи ёки иккинчи қаватидан хонадон ажратилади.

Уй-жой ҳар йили дастурлар доирасида ҳудудлар учун белгиланган миқдор ва уй-жой турларидан келиб чиқиб ажратилади. Белгиланган тоифага киришнинг ўзи уй-жой олишни кафолатламайди: талабгорлар ижтимоий мезонлар бўйича баҳоланади ва банк томонидан кредитга лаёқатлилиги текширилади.

Ижтимоий устуворлик мезонлари

Талабгорларнинг уй-жойга муҳтожлиги қуйидаги ҳолатлар асосида баҳоланади:

  • мулк ҳуқуқи асосида турар жойи йўқлиги ва ижарада ёки яшаш учун яроқсиз жойда яшаши;
  • бошқа оила ёки оилалар билан бир уйда яшаши;
  • кўп болалилик;
  • оиланинг даромади;
  • ижтимоий хусусиятига кўра алоҳида хонада яшашни талаб қиладиган оғир касаллик мавжудлиги;
  • оила аъзолари орасида I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс борлиги;
  • турар жой майдонининг ижтимоий нормага мос эмаслиги — бир шахс учун 16 квадрат метрдан, кресло-аравачадан фойдаланувчи шахс учун 23 квадрат метрдан камлиги;
  • I гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёл эканлиги;
  • оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани ёлғиз парваришлаётганлиги.

Комиссия ҳар бир мезон бўйича балл қўяди. Ёзма тавсия биринчи навбатда энг юқори балл тўплаган талабгорларга берилади. Уй-жой шароитини ўрганиш далолатномаси икки нусхада тузилиб, бир нусхаси ариза берувчига топширилади.

Ариза бериш ва кўриб чиқиш

Талабгор доимий яшаш жойидаги туман ёки шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги талабгорларни танлаш комиссияси раисига белгиланган шаклдаги сўровнома-ариза ва тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.

Ариза қабул қилинганда унинг нусхасига қабул қилинган сана қўйилиб, тилхат билан ариза берувчига берилади. Ариза рўйхатдан ўтказиш журналида қайд этилмасдан кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Ариза ва ҳужжатлар уларни қабул қилиш учун белгиланган охирги сана тугаганидан кейин 15 иш куни ичида кўриб чиқилади. Белгиланган охирги санадан кейин берилган аризалар қабул қилинмайди.

Тавсия бериш ва рад этиш

Уй-жой шароитини ўрганиш ва аризани кўриб чиқиш натижасида ижобий қарор қабул қилинса, Комиссия ариза кўриб чиқилганидан кейин бир иш куни ичида талабгорга икки нусхада ёзма тавсия беради.

Тавсиянинг бир нусхаси дастлабки шартнома тузиш учун инжиниринг компанияси филиалига, иккинчи нусхаси ипотека кредити олиш учун тижорат банкига тақдим этилади.

Ёзма тавсия қуйидаги ҳолатларда рад этилиши мумкин:

  • ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган бўлса;
  • ариза ва ҳужжатлар белгиланган муддатдан кеч берилган бўлса;
  • ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар мавжуд бўлса;
  • текшириш далолатномасида уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёж йўқлиги асосланган бўлса;
  • уй-жойга муҳтож шахснинг никоҳи сўнгги уч йилда бекор қилинган бўлса.

Қонунда кўрсатилмаган бошқа асослар билан ёзма тавсия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Рад этиш ҳақидаги ёзма хабарнома аниқ сабаблар кўрсатилган ҳолда бир иш куни ичида берилади. Камчиликларни бартараф этиш ва ҳужжатларни такроран тақдим қилиш учун бериладиган муддат хабарнома олинган кундан бошлаб камида беш иш куни бўлиши керак.

Бошланғич бадал ва ипотека кредити

Арзон уй-жой қийматининг:

  • 10 фоизи — бошланғич бадал сифатида Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси, талабгор ишлаётган ташкилот ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;
  • 90 фоизи — тижорат банкининг имтиёзли ипотека кредити ҳисобидан молиялаштирилади.

Банк талабгорнинг кредитга лаёқатини мустақил баҳолайди. Комиссиянинг ёзма тавсияси ипотека кредити албатта берилишини англатмайди.

Ипотека кредити рад этилган талабгор кейинги йилда Комиссиядан янги ёзма тавсия олгандан сўнг қайта мурожаат қилиши мумкин. Аризани кўриб чиқиш билан боғлиқ низолар судда кўриб чиқилади.

Chat