Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 39357 марта ўқилди

Ҳукумат транспорт эгалари фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш  тизими бўйича қарор қабул қилди

Ким суғурталаниши шарт

Транспорт воситасининг эгаси ундан фойдаланишда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаши шарт.

Транспорт воситасига эгалик қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай мажбурий суғурта шартномаси тузилиши керак.

Чет давлатда рўйхатдан ўтказилган ва Ўзбекистонда вақтинча фойдаланилаётган транспорт воситаси халқаро мажбурий суғурта тизими полиси билан қамраб олинмаган бўлса, унинг эгаси Ўзбекистон ҳудудига кирганда суғурта шартномасини бутун фойдаланиш муддатига, лекин камида 15 кунга тузиши шарт.

Суғурта нимани қоплайди

Мажбурий суғурта транспорт воситасидан фойдаланиш оқибатида жабрланувчининг:

  • ҳаётига;
  • соғлиғига;
  • мол-мулкига етказилган зарар бўйича транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини қамраб олади.

Муҳим: мажбурий автосуғурта айбдор ҳайдовчининг ўз автомобилига етказилган зарарни қопламайди. Ўз автомобилини ҳимоя қилиш учун ихтиёрий КАСКО суғуртаси тузилиши мумкин.

Суғурталаш мажбурияти татбиқ этилмайдиган ҳолатлар

Қуйидаги транспорт воситалари бўйича мажбурий суғурта талаб этилмайди:

  • конструктив максимал тезлиги соатига 20 километрдан ошмайдиган транспорт воситалари;
  • тиркамалар, шунингдек двигателининг иш ҳажми 50 куб сантиметрдан ошмайдиган икки ва уч ғилдиракли транспорт воситалари;
  • одам ёки ҳайвон кучи билан ҳаракатга келтириладиган транспорт воситалари;
  • Қуролли Кучларнинг транспорт воситалари, хўжалик фаолиятида ишлатиладиган автобуслар, енгил автомобиллар ва бошқа транспорт воситалари бундан мустасно;
  • чет давлатда рўйхатдан ўтказилган ва Ўзбекистонда амал қиладиган халқаро мажбурий суғурта тизими билан қамраб олинган транспорт воситалари;
  • фуқаролик жавобгарлиги бошқа шахс томонидан ушбу транспорт воситаси бўйича суғурталанган эгалар.

Суғурта ҳодисаси ҳисобланмайдиган ҳолатлар

Жумладан, қуйидагилар мажбурий автосуғурта бўйича суғурта ҳодисаси ҳисобланмайди:

  • полисда кўрсатилмаган транспорт воситасидан фойдаланишда зарар етказилиши;
  • маънавий зарар ёки бой берилган фойда;
  • махсус ажратилган жойда мусобақа, синов ёки ўқув машқи пайтида етказилган зарар;
  • атроф муҳит ифлосланиши;
  • ташилаётган юк туфайли юзага келган ва бошқа мажбурий суғурта тури билан қамраб олинадиган зарар;
  • ходим меҳнат вазифасини бажараётганда унга етказилган ва иш берувчининг мажбурий суғуртаси билан қопланадиган зарар;
  • ташувчининг йўловчи олдидаги мажбурий суғуртаси билан қамраб олинадиган зарар;
  • айбдор ҳайдовчининг ўз автомобили, тиркамаси, юки ёки ускунасига етказилган зарар;
  • юклаш ёки тушириш вақтида, шунингдек корхона ҳудудида етказилган айрим зарарлар;
  • ноёб ва тарихий буюмлар, қимматбаҳо металлар, санъат асарлари, қўлёзмалар, қимматли қоғозлар, пул ёки валютага етказилган зарар;
  • жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати натижасида юзага келган зарар.

Чекланган ва чекланмаган полис

Чекланган полисда транспорт воситасини бошқаришга рухсат этилган шахслар полисда кўрсатилади. Полисда кўрсатилмаган шахснинг транспортни бошқариши суғурта шартларининг бузилиши ҳисобланиши мумкин.

Чекланмаган полисда транспорт воситасини бошқарувчи ҳайдовчилар сони чекланмайди. Бундай полисда мулкдор, унинг яқин қариндошлари ва транспорт воситасидан фойдаланувчи бошқа эгалар алоҳида кўрсатилмайди, аммо уларнинг фуқаролик жавобгарлиги суғурталанган ҳисобланади.

Полисни расмийлаштириш

Транспорт воситасининг эгаси мажбурий суғуртани амалга ошириш ҳуқуқига эга суғурталовчини мустақил танлайди.

Полис:

  • суғурта ташкилоти, унинг филиали ёки агенти орқали;
  • суғурталовчининг электрон хизматлари орқали расмийлаштирилиши мумкин.

Суғурта полиси суғурта мукофоти тўланганидан кейин Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида расмийлаштирилади.

Муҳим: автомобилнинг олд ойнасига ёпиштириладиган махсус давлат белгисини бериш талаби бекор қилинган. Полис ҳақидаги маълумот электрон ахборот тизими орқали текширилади.

Мажбурий автосуғуртанинг асосий шартлари «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 июндаги 141-сон қарори билан белгиланган.

Chat