Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 85181 марта ўқилди

Қандай таълим шакллари мавжуд?

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бола учун унинг ҳолати ва эҳтиёжларига қараб:

  • умумтаълим мактабидаги инклюзив таълим синфи;
  • бошланғич таянч коррекцион синф;
  • алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернат;
  • қонунчиликда назарда тутилган бошқа мослаштирилган таълим шакли тавсия қилиниши мумкин.

Инклюзив таълим синфи — алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар бошқа болалар билан тенг ҳуқуқли ва биргаликда таълим оладиган синф.

Бошланғич таянч коррекцион синф — алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун умумтаълим мактабида алоҳида ташкил этиладиган бошланғич синф.

Бола қайси таълим шаклига йўналтирилади?

Болани инклюзив ёки коррекцион синфга қабул қилиш ва ундан чиқариш:

  • психологик-тиббий-педагогик комиссия — ПТПК хулосаси;
  • ота-она ёки қонуний вакилнинг розилиги асосида амалга оширилади.

Болани фақат ташхиси асосида ота-она розилигисиз муайян таълим муассасасига мажбуран жойлаштириш мумкин эмас.

ПТПК — боланинг ривожланиши, соғлиғи ва таълим эҳтиёжларини комплекс баҳолаб, унга мос таълим шаклини тавсия қиладиган психологик-тиббий-педагогик комиссия.

ПТПК текшируви учун қаерга мурожаат қилинади?

Қонуний вакил:

  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига;
  • ҳудудга бириктирилган ижтимоий ходимга;
  • Давлат хизматлари марказига;
  • ЯИДХП орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

ЯИДХП орқали сўровнома дам олиш ва байрам кунларида ҳам 24 соат давомида юборилади.

Ҳужжатлар қандай шакллантирилади?

Сўровнома тўлдирилгандан кейин болага оид зарур маълумотлар асосида шахсий ҳужжатлар йиғмажилди шакллантирилиб, автоматик равишда ПТПКга юборилади.

Ҳужжатлари шакллантирилган бола ПТПКнинг навбатдаги йиғилишида текширувдан ўтказилади. Хулосада бола ва қонуний вакил маълумотлари, яшаш манзили, тавсия этилаётган таълим муассасаси ҳамда зарур коррекцион-педагогик чоралар кўрсатилади.

Қабул қачон амалга оширилади?

Инклюзив таълим ва бошланғич таянч коррекцион синфларнинг 1-синфига болалар, қоида тариқасида, 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.

Таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида умумий ёш меъёридан икки йилга катта болани ҳам қабул қилишга рухсат этилади. Қабул ўқув йили бошлангунга қадар ёки ўқув йили давомида амалга оширилиб, мактаб директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Таълим жараёни қандай ташкил этилади?

Таълим жараёнида:

  • давлат таълим дастурини ўзлаштириш учун мос шароит яратилади;
  • боланинг ривожланиш хусусиятлари ва ПТПК тавсиялари ҳисобга олинади;
  • коррекцион-педагогик машғулотлар ўтказилади;
  • ота-оналарга педагогик ва психологик маслаҳат берилади;
  • боланинг ижтимоий кўникмалари ва жамиятга интеграцияси қўллаб-қувватланади.

Қарордан норози бўлса нима қилиш мумкин?

Қонуний вакил ПТПК хулосаси, болани қабул қилиш ёки таълим шароитлари юзасидан:

  • Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тегишли ҳудудий бошқармасига;
  • ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими органига;
  • юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қилиши мумкин.
Chat