Давлат ОТМларининг биридан бошқасига ўқишни кўчириш, асосан, қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
— талаба оила қургани муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМга кўчишни истаганда;
— давлат органи ходимининг иш жойи бошқа ҳудудга ўзгарганда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди тегишли тавсия асосида ўқишини кўчирганда.
Кўчиришда, биринчи навбатда, мос ёки турдош таълим йўналиши мавжудлиги ҳисобга олинади.
Мос таълим йўналиши — номи бир хил бўлган бакалавриат йўналиши ёки магистратура мутахассислиги.
Ўқишни кўчириш бўйича аризалар электрон платформа орқали бир ўқув йилида икки марта қабул қилинади:
— кузги семестр учун — 15 июлдан 5 августгача;
— баҳорги семестр учун — 10 январдан 20 январгача.
Бироқ баҳорги қабул даврида бир ОТМдан бошқа ОТМга кўчириб тиклаш бўйича аризалар қабул қилинмайди.
Биринчи курснинг биринчи семестрига ўқишни кўчиришга, қоида тариқасида, рухсат берилмайди. Қонунчиликда назарда тутилган айрим истиснолар мавжуд.
Ўқишдан четлаштирилган шахс ўқишини қайта тиклаш учун:
— кузги семестрга 15 июлдан 5 августгача;
— баҳорги семестрга 10 январдан 20 январгача мурожаат қилиши мумкин.
Қайта тиклаш бўйича қарорлар тегишинча 6–31 август ва 21 январь–10 февраль кунлари қабул қилинади.
Ўқишни қайта тиклаш, қоида тариқасида, тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Эслатма: талаба ўқишдан четлаштирилган ўша ўқув йилида ўша курс ва семестрга қайта тиклана олмайди.
Талаба қуйидаги асосларда ОТМдан четлаштирилиши мумкин:
— ўз хоҳишига кўра;
— ўқиши бошқа таълим ташкилотига кўчирилганда;
— ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганда;
— бир семестрда дарсларни узрли сабабсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганда;
— контракт тўловини ўз вақтида амалга оширмаганда;
— суд томонидан озодликдан маҳрум этилганда;
— кириш имтиҳонида қоидабузарлик содир этгани суд қарори билан аниқланганда;
— қабулда тақдим этилган ҳужжатлар қалбаки экани аниқланганда;
— қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатларда.
Кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузгани суд қарори билан аниқланиб четлаштирилган шахс ўқишга қайта тикланмайди.
Ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш натижасида фанлар ва кредитлар фарқи юзага келса, улар тегишли кредитлар миқдорига мос равишда белгиланган тўловдан кейин ўзлаштирилади.
Академик таътилдан белгиланган вақтда қайтган талабага юзага келган фанлар фарқини бир марта бепул ўзлаштириш имконияти берилади.