Мазкур тартиб бўйича талабаларнинг билими 5 баҳолик тизимда баҳоланади:
— «5» — аъло;
— «4» — яхши;
— «3» — қониқарли;
— «2» — қониқарсиз.
Талабалар билимини назорат қилишнинг асосий турлари оралиқ ва якуний назорат ҳисобланади.
Эслатма: мазкур Низом қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўқув жараёни модул тизимига асосланган ОТМларда қўлланилмайди. Бундай ҳолатда баҳолаш тегишли кредит-модул ва ОТМда амал қиладиган тартиб асосида олиб борилади.
Оралиқ назорат семестр давомида фан бўйича талабанинг билим ва амалий кўникмаларини баҳолаш учун ўтказилади.
Талаба оралиқ назоратни муваффақиятли топширмаган бўлса, тегишли фан бўйича якуний назоратга киритилмайди.
Якуний назорат, қоида тариқасида, ушбу фан бўйича талабага машғулот ўтмаган профессор-ўқитувчи томонидан ўтказилади ва баҳоланади. Бир кунда биттадан ортиқ фан бўйича якуний назорат ўтказилмайди, якуний назоратлар орасида камида 2 кун бўлиши лозим.
Битирувчи курсда бўлмаган талаба семестр натижасида 3 тагача фан бўйича академик қарздор бўлса, унга ушбу фанлардан қайта топшириш имконияти берилади.
Белгиланган муддатда қайта топширишлар сони 2 мартадан ошмаслиги керак. Биринчи қайта топширишда ҳам ижобий натижага эришилмаса, иккинчи марта баҳолаш махсус комиссия томонидан амалга оширилади.
Агар академик қарздорлик 4 та ва ундан кўп фан бўйича бўлса, талабага қайта топширишга рухсат берилмайди ва у курсдан қолдирилади.
Қарздорликни берилган муддатда бартараф эта олмаган талаба ҳам ректор ёки бошқа ваколатли раҳбар буйруғи билан курсдан қолдирилади.
Курсдан қолдирилган талаба ўзлаштира олмаган фанлар мавжуд семестр бошидан тўлов-контракт асосида ўқишни давом эттиради.
Малакавий амалиётда узрли сабабсиз қатнашмаган ёки амалиёт якуни бўйича «2» баҳо олган талаба ҳам академик қарздор ҳисобланади ва курсдан қолдирилади.
Талаба баҳолаш натижасидан норози бўлса, факультет декани томонидан ташкил этиладиган Апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Апелляция натижа эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида берилади ва комиссия томонидан 2 кун ичида кўриб чиқилади.
Талаба ўз апелляциясини кўриб чиқиш жараёнида шахсан иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Апелляция — талаба қўйилган баҳога норози бўлган ҳолда уни қайта кўриб чиқишни сўраб комиссияга мурожаат қилиши.