Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 19278 марта ўқилди

Электр таъминотини расмийлаштириш

Электр энергияси истеъмолчига электр таъминоти шартномаси асосида етказиб берилади. Амалдаги тартибга кўра шартнома электрон шаклда расмийлаштирилади ва истеъмолчига электрон ҳужжат айланиши тизими орқали тақдим этилади.

Маиший истеъмолчи электр тармоғига белгиланган тартибда биринчи марта амалда уланган пайтдан бошлаб у билан шартнома тузилган ҳисобланади.

Тариф ўзгариши ҳақида хабардор қилиш

Электр энергияси учун тарифлар ўзгарганда, таъминотчи бу ҳақда янги тарифлар кучга киришидан камида 15 кун олдин оммавий ахборот воситалари орқали хабар бериши лозим.

Тариф ўзгариши электр таъминоти шартномасини бекор қилмайди. Истеъмол қилинган электр энергиясига янги тариф у кучга кирган санадан бошлаб қўлланилади.

Олдиндан тўланган электр энергияси

Тариф ўзгаргунига қадар электр энергияси учун аванс тўлаган истеъмолчилар:

  • маиший истеъмолчилар — икки ойдан кўп бўлмаган муддатга;
  • бошқа истеъмолчилар — бир ойдан кўп бўлмаган муддатга

аванс билан қопланган электр энергияси ҳажми учун қўшимча тўловдан озод этилади.

Имтиёз фақат аванс билан қопланган ҳажмга нисбатан амал қилади. Ушбу ҳажмдан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси янги тариф бўйича ҳисобланади.

Қоидабузарликни расмийлаштириш

Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ёки ҳисобга олиш тизимига аралашиш аниқланганда қоидабузарлик тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.

Далолатномада:

  • истеъмолчи ва объект ҳақидаги маълумотлар;
  • ҳисоблагичнинг русуми, рақами ва кўрсаткичлари;
  • пломбалар ҳолати;
  • аниқланган қоидабузарлик;
  • фото, видео ва бошқа тасдиқловчи маълумотлар;
  • текширувда иштирок этган шахслар кўрсатилади.

Далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади. Ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори “E-dalolatnoma” электрон тизими орқали уч иш кунида ҳисобланиб, таъминотчининг дастурий базасига киритилади.

Электр тармоғидан узиш

Ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказилгани, тармоққа ўзбошимчалик билан уланилгани ёки электр энергиясидан бошқа ноқонуний усулда фойдаланилгани аниқланса, электр таъминоти тўхтатилиши мумкин.

Бироқ арифметик хато, нотўғри тариф қўлланилиши, ҳисоблагичнинг истеъмолчи айбисиз бузилиши каби техник хато ва камчиликлар ноқонуний фойдаланиш деб баҳоланмайди. Бундай ҳолатда ҳақиқий истеъмол бўйича истеъмолчи ёки таъминотчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Муҳим: ҳар қандай ҳисоблагич носозлиги истеъмолчини қоидабузар деб топиш учун асос бўлмайди. Истеъмолчининг айби ва ҳисобга олиш тизимига аралашув тегишли далиллар билан тасдиқланиши керак.

Chat