Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 93490 марта ўқилди

Тиббиёт ходимлари (врачлар, фармацевтика ходимлари, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика кадрлари) ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришлари шарт.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти врач кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимининг базавий услубий марказидир.

Тошкент Фармацевтика тиббиёт институти фармацевтика кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимининг базавий услубий марказидир.

Малака ошириш

Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш бевосита (таълим дастурлари бўйича ўқитиш) ва билвосита (қоидага кўра, таълим дастурларисиз ўқитиш) шакллари бўйича ўтказилади.

Бевосита шакллар малакани умумий ва мавзули оширишни (такомиллаштиришни) ўз ичига олади.

Малака ошириш  мутахассислик бўйича иш стажи камида 3 — 5 йил бўлган тиббиёт ходимлари учун ташкил этилади.

Малака ошириш мутахассисликнинг муайян бўлимини қамраб оладиган дастур бўйича амалга оширилади ва қуйидаги мақсадларни кўзлайди:

  • тиббиёт ходимларининг тор, шу жумладан уларнинг касб фаолиятининг турдош соҳасидаги малакасини ошириш (аниқ мавзу бўйича);
  • касбий билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш;
  • янги даволаш-ташхис усулларини ўзлаштириш;
  • тиббий дунёқарашни кенгайтириш.

Малака ошириш буюртмачи маблағларига шартнома асосида ташкил этилади.

Асосий ишдан ажралган ҳолда ўқишда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш бевосита шаклларининг жами давомийлиги ҳар 5 йил учун қуйидаги ҳажмда белгиланади:

  • врач кадрлар учун — камида 4 ҳафта (144 соат);
  • фармацевтика, ўрта тиббиёт кадрлари ва доришунос кадрлар учун — камида 2 ҳафта (72 соат).

Асосий ишдан ажралган ва асосий ишдан ажралмаган ҳолда ўқишда малака тоифасини олиш учун тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш барча шаклларининг жами мажбурий давомийлиги:

  • врач кадрлар учун — камида 8 ҳафта (288 соат);
  • фармацевтика, ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар учун — камида 4 ҳафта (144 соат) ҳажмида белгиланади.

Қайта тайёрлаш

Қуйидагилар врач кадрларни қайта тайёрлашнинг асосий турлари ҳисобланади:

  • бирламчи ихтисослаштириш — врачларни қайта тайёрлаш тури бўлиб, қоидага кўра, турдош врачлик мутахассислигини олиш ва кейинчалик тегишли касбий фаолиятни бажариш мақсадида касбий билимлар, малака ва кўникмаларни ўзлаштиришга йўналтирилади;
  • қўшимча ихтисослаштириш — қўшимча (мавжуд асосий ихтисосга қўшимча) врач мутахассислигини эгаллаш мақсадида янги касбий билимлар, малака ва кўникмаларни ўзлаштиришга йўналтирилган врачларни қайта тайёрлаш тури ҳисобланади;
  • клиник ординатура — кадрларни қайта тайёрлаш тизимига кирадиган таълим тури бўлиб врачларнинг узлуксиз касбий таълими кўп поғонали тузилмасининг бир қисми ҳисобланади.

Шахс врачлик мутахассисларидан бирини олганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлганда, мутахассислик бўйича камида 2 йил иш стажи мавжуд бўлганда бирламчи ихтисослаштиришдан ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бирламчи ихтисослаштириш муваффақиятли якунланган тақдирда врачларга ўтилган соатлар сони кўрсатилган ҳолда:

  • фақат базавий олий маълумот тўғрисидаги дипломга эга бўлган шахслар учун — соғлиқни сақлашнинг амбулатор бўғинида клиник ихтисосликдаги мутахассиснинг бўш лавозимини эгаллаш;
  • магистратура, клиник ординатура ёки бошқа клиник мутахассисликлар бўйича интернатурани тамомлаган шахслар учун — ҳам соғлиқни сақлашнинг амбулатор, ҳам стационар бўғинларида қўшимча эгалланган мутахассислик бўйича мутахассиснинг бўш лавозимини эгаллаш ҳуқуқини берадиган белгиланган намунадаги сертификат берилади.

Магистратура, клиник ординатура ёки интернатура орқали асосий мутахассисликка эга бўлган врачлар қўшимча ихтисослаштиришдан ўтишга қўйилади.

Қўшимча ихтисослаштириш муваффақиятли якунланган тақдирда врачларга ўтилган ўқув соатлари сони кўрсатилган ҳолда соғлиқни сақлашнинг амбулатор ва стационар бўғинларида тегишли мутахассиснинг бўш лавозимни эгаллаш ҳуқуқини берадиган белгиланган намунадаги сертификат берилади.

Врачларнинг бирламчи ва қўшимча ихтисослашуви асосий ишдан ажралган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқиш шарти билан, гуруҳларда ва якка тартибда амалга оширилади.

Врачларнинг бирламчи ва қўшимча ихтисослашувининг давомийлиги, қоидага кўра, 1 ойдан 12 ойгачани (144 — 1728 соат) ташкил этади.

Врачнинг иш стажида 3 йил ва ундан ортиқ танаффуслар бўлган тақдирда (ижтимоий таътиллар, тиббиёт мутахассислиги учун ихтисосли бўлмаган иш, узоқ вақт касал бўлиш, ногиронлик ва ҳоказолар) врач ўзининг касбий фаолияти тикланишидан олдин базавий (умумий амалиёт врачи, умумий амалиёт врачи-педагоги, умумий педиатр, умумий стоматолог, умумий гигиенист-эпидемиолог), олдинги йилларда уни эгаллаганлик тўғрисидаги ҳужжат билан тасдиқланадиган асосий ёки қўшимча ихтисосликка мувофиқ ихтисослашиш курсларидан ўтиши шарт.

Клиник ординатура

Врачларни клиник ординатурада ўқитиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган врачлик мутахассисликлари номенклатураси бўйича, мутахассисга қўйиладиган ихтисослик талаблари асосида тузилган ҳар қайси мутахассислик бўйича ўқув режаси ва ўқув дастурига мувофиқ амалга оширилади.

Клиник ординатура битирувчиларига ўқиш жараёнида олинган мутахассислик бўйича амалий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

Ўқиш жараёни давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Клиник ординатурага таянч олий тиббий маълумот врачлар, шунингдек илгари клиник ординатурани ёки магистратурани тамомлаган ҳамда ихтисосидан ташқари иккинчи мутахассисликни олишни хоҳлаган мутахассислар қабул қилинади.

Врачларни иккинчи тор мутахассислик бўйича клиник ординатурага қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Клиник ординатурага қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади. Танлов синовлари йилига бир марта, қоидага кўра, августнинг охирги 10 кунлигида ўтказилади.

Клиник ординатурага қабулни ўтказиш учун республика оммавий ахборот воситаларида танлов эълон қилинади, аризалар бериш муддати эълон чоп этилган кундан бошлаб камида 30 кун.

Танлов комиссиясининг хулосаси асосида клиник ординатурага қабул қилиш муассаса раҳбарининг буйруғи билан ҳар йили 10 сентябргача амалга оширилади.

Клиник ординатурада ўқитиш кундузги шаклда, асосий иш жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади.

Ўқитиш муддати, қоидага кўра, камида 2 йилни ташкил қилади ва мутахассиснинг малака тавсифномасини ҳисобга олган ҳолда тузилган ўқув дастури билан белгиланади.

Клиник ординатурадаги ўқиш муддати мутахассислик бўйича врачлик меҳнат стажига қўшилади.

Клиник ординаторлар ўқитиш вақтида врачлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларни бажаришга жалб этилиши мумкин эмас.

Клиник ординатурани муваффақиятли тугатган шахсларга гувоҳнома белгиланган берилади, у олинган врачлик мутахассислиги бўйича касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини беради.

Гувоҳномада мутахассисликни ўзлаштириш даражасининг ўртача умумий баҳоси кўрсатилади.

Ўқитишнинг иккинчи йилидаги таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштирган клиник ординаторлар раҳбарларининг ёзма тавсияномаси асосида меҳнат шартномаси бўйича соҳа бўлимларида тунги навбатчилик қилиш ёки ўқишдан ташқари вақтда мутахассислиги бўйича ишлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Chat