Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 26639 марта ўқилди

Хонадон ажратиладиган шахслар

Кўп квартирали уйлардан хонадонлар уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига ҳар йили амалга ошириладиган уй-жой дастурлари доирасида, имтиёзли ипотека кредити асосида ажратилади.

Ариза берувчи «labor migration» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган меҳнат мигранти ёки унинг номидан мурожаат қилувчи оила аъзоси бўлиши мумкин.

Ариза ва ҳужжатларни тақдим этиш

Ариза берувчи доимий яшаш жойидаги туман ёки шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги талабгорларни танлаш бўйича комиссияга белгиланган шаклдаги сўровнома-ариза билан мурожаат қилади.

Аризага, жумладан, қуйидагилар илова қилинади:

  • шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
  • меҳнат мигранти «labor migration» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
  • солиқ тўловчининг идентификация рақами;
  • уй-жой шароити ва тегишли ижтимоий мезонларни тасдиқловчи ҳужжатлар.

Аризалар келиб тушган навбат бўйича рўйхатга олинади. Дастурда иштирок этиш учун белгиланган охирги санадан кейин берилган аризалар қабул қилинмайди.

Аризани кўриб чиқиш

Комиссия аризани ҳужжатлар қабул қилишнинг охирги санаси тугаганидан кейин 15 иш куни ичида кўриб чиқади. Талабгорнинг уй-жой шароити ўрганилади ва ижтимоий устуворлиги белгиланган мезонлар бўйича баҳоланади.

Ёзма тавсия биринчи навбатда энг юқори балл тўплаган талабгорларга берилади. Комиссия ариза ва уй-жой шароитини ўрганиш натижасида ёзма тавсия бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ижобий қарор қабул қилинса, ёзма тавсия бир иш куни ичида икки нусхада берилади. Рад этилганда ҳам бир иш куни ичида рад этишнинг аниқ сабаблари ва камчиликларни бартараф этиш муддати кўрсатилган ёзма хабарнома топширилади. Камчиликларни бартараф этиш учун берилган муддат беш иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас.

Дастлабки шартнома ва ипотека кредити

Ёзма тавсиянинг бир нусхаси дастлабки шартнома тузиш учун инжиниринг компанияси филиалига, иккинчи нусхаси ипотека кредити олиш учун иштирок этувчи тижорат банкига тақдим этилади.

Банкка ёзма тавсия, ипотека кредити олишга буюртманома, талабгор ва биргаликда қарз олувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари, дастлабки бадал жойлаштирилганлиги ҳақида маълумотнома ҳамда дастлабки шартнома нусхаси тақдим этилади.

Банк талабгорнинг ижтимоий устуворлиги билан бирга унинг кредитга лаёқлилигини ҳам мустақил баҳолайди. Шу сабабли комиссиянинг ёзма тавсияси ипотека кредити албатта ажратилишини англатмайди.

Кредит бериш рад этилган шахс кейинги йилда комиссиядан янги ёзма тавсия олганидан сўнг қайта мурожаат қилиши мумкин. Комиссия ёки банк қарори юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда, шу жумладан судга шикоят қилиш мумкин.

Chat