Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10255 марта ўқилди

Савол: К. исмли шахс яқинда кўчада давлат рақами яхши кўринмайдиган қилиб қўйилган автотранспорт воситаси ҳаракатланаётганини кўрганини маълум қилиб, бундай ҳаракат учун қандай жавобгарлик мавжудлиги ҳақида тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси 2-қисмига мувофиқ, давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Савол: Х. исмли шахс чорраҳада светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган вақтида, йўлнинг тўхтаб туриш чизиғини босиб ўтган ҳолда автомашинасини четга олиб, “тез тиббий ёрдам” автомашинасини ўтказиб юборгани, бироқ орадан 10 кун ўтгач, яшаш манзилига йўл-ҳаракати қоидасини бузганлиги учун унга жарима жазоси қўлланилгани тўғрисидаги хабарнома келганлиги, ушбу ҳолатда у айбдор ёки айбсиз ҳисобланиши тўғрисида тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Бундай транспорт воситаларига, уларнинг тўсиқсиз ўтиб кетиши учун йўл берган транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар фото- ва видеоқайд этишнинг махсус автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда, ҳайдовчиларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги охирги зарурат ҳолатларда содир этилган деб топилади ва маъмурий иш МЖтКнинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади.

Шу сабабли, Х. исмли шахс ўзига нисбатан чиқарилган қарор устидан ўн кунлик муддат ичида Йўл ҳаракати хизматининг ваколатли мансабдор шахсига ёки туман (шаҳар) маъмурий судига шикоят бериши лозим. 

Савол: М. исмли шахс ҳозир 19 ёшда эканлиги, 1 йилдан буён ҳайдовчилик билан шуғулланиши, йўналишсиз таксини бошқариш фаолияти билан шуғулланмоқчи эканлиги ҳақида маълум қилиб, бунинг учун қонунчиликда қандай талаблар қўйилгани тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Йўловчилар ташиш учун мўлжалланган йўналишсиз таксиларни бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасида «В» рухсат белгиси бўлган, 21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик ҳайдовчи стажига эга бўлган шахслар қўйилади.

Демак, М. исмли шахс ҳозир 21 ёшга тўлмагани ва ҳайдовчилик стажи уч йилга етмагани учун йўналишсиз таксини бошқариш фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас.

Chat