Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 37808 марта ўқилди

 Энди ўзингизга тегишли ерни хусусийлаштиришингиз мумкин: қандай қилиб ва  қанча тўлайсиз?

Хусусийлаштиришнинг мазмуни ва шакллари

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини хусусийлаштириш — давлат мулкидаги ер участкасини ҳақ эвазига Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки юридик шахс мулкига ўтказишдир.

Хусусийлаштириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

  • шахсга доимий фойдаланиш, эгалик қилиш, ижара ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли ер участкасини сотиб олиш;
  • бўш турган ер участкасини электрон онлайн-аукцион орқали сотиб олиш.

Хусусийлаштириш ихтиёрий ва пулли ҳисобланади. Шахсни ер участкасини хусусийлаштиришга мажбурлаш тақиқланади.

Хусусийлаштириш объектлари

Қуйидагилар хусусийлаштириш объекти бўлиши мумкин:

  • юридик шахсларга тадбиркорлик, шаҳарсозлик ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолият учун берилган ер участкалари;
  • фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик ёки шаҳарсозлик фаолияти учун берилган ер участкалари;
  • хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари;
  • бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари.

Бўш турган ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали хусусийлаштирилади. Давлат кўчмас мулк объекти жойлашган ер участкаси, қоида тариқасида, ушбу кўчмас мулк объекти билан бирга хусусийлаштирилади.

Хусусийлаштирилмайдиган ер участкалари

Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:

  • хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилма конлари ёки давлат мулки объектлари жойлашган ерлар;
  • табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация ва тарихий-маданий мақсадларга мўлжалланган ерлар;
  • ўрмон ва сув фонди ерлари, шаҳар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги майдонлари, кўчалари, йўллари, соҳил бўйлари ва хиёбонлари;
  • шаҳарсозлик фаолияти чекланган ҳудудлардаги ерлар;
  • хавфли моддалар билан зарарланган ёки биоген заҳарланишга дучор бўлган ерлар;
  • махсус иқтисодий зона иштирокчиларига берилган ерлар — зона фаолият кўрсатадиган даврда;
  • кўп квартирали уйлар жойлашган ва уларга туташ ер участкалари;
  • давлат-хусусий шериклик ёки ижтимоий шериклик лойиҳалари учун, шунингдек юридик шахсларга жамоат эҳтиёжлари учун берилган ерлар.

Хусусийлаштириш субъектлари

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари ҳисобланади.

Чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, давлат органлари, давлат муассасалари ва корхоналари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди.

Ер участкасини хусусийлаштириш ихтиёрийдир. Ҳуқуқ эгасини ер участкасини сотиб олишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Хусусийлаштириш тартиби ва қиймати

Фойдаланишдаги ер участкасини хусусийлаштириш учун Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ариза берилади. Бўш турган ер участкасини сотиб олиш учун эса E-auksion электрон савдосида иштирок этилади.

Фойдаланишдаги ер участкасининг сотиб олиш қиймати ер солиғининг хусусийлаштириш вақтидаги базавий ставкасига нисбатан белгиланган меъёрлар асосида ҳисобланади. Аукционга чиқарилган ер участкасининг якуний қиймати электрон савдо натижасига кўра аниқланади.

Хусусийлаштириш якунлангандан кейин ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилади. Мулкдор ер участкасидан унинг рухсат этилган фойдаланиш турига риоя қилган ҳолда фойдаланиши ва уни қонунчиликда белгиланган тартибда тасарруф этиши мумкин.

Chat