Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12375 марта ўқилди

Суд қуйидаги ҳолларда аризани кўрмасдан қолдиради, агар:
  • ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;
  • манфаатдор шахс номидан ариза иш юритишга ваколати бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;
  • фуқаролик ишлари бўйича суднинг, иқтисодий суднинг ёки ҳакамлик судининг иш юритувида айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;
  • тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш тўғрисида ҳакамлик битими тузилган бўлса;
  • ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилишни илтимос қилмаган тарафлар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрли сабабларсиз судга келмаса, суд эса ишга оид мавжуд материаллар асосида ишни ҳал қилиш мумкин эмас, деб ҳисобласа;
  • ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилишни илтимос қилмаган даъвогар иккинчи чақирув бўйича судга келмаса, жавобгар эса ишни мазмунан кўришни талаб қилмаса;
  • алоҳида тартибда юритиладиган ишни муҳокама қилиш вақтида судга тааллуқли ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқса;
  • хотини ҳомиладор бўлган вақтда ёки бола туғилганидан кейин бир йил давомида эр хотинининг розилигисиз никоҳни бекор қилиш тўғрисида даъво тақдим этган бўлса;
  • даъвогар томонидан аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ариза берилган бўлса;
  • даъвогар томонидан низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилинмаган, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
  • даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
  • медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ҳақида илтимоснома билан арз қилган тарафлар уни амалга ошириш муддати тугаганидан сўнг суд мажлисига узрли сабабларсиз келмаса;
  • тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса;
  • мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ариза қонунда белгиланган муддатдан олдин ёки эгасиз мол-мулкни (ашёни) аниқлаш ва ҳисобга олишнинг қонунда назарда тутилган тартиби бузилган ҳолда берилган бўлса.

Аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради. Ажримда суд ишнинг ҳал этилишига тўсқинлик қилаётган ҳолатларни бартараф этиш йўлларини кўрсатиши шарт.

Суд ФПКда назарда тутилган асослар бўйича аризани кўрмасдан қолдириб, ажримда давлат божини қайтариш ва даъвони таъминлаш юзасидан кўрилган чораларни бекор қилиш ҳақида кўрсатади.                 

ФПКда тутилган асослар бўйича аризани кўрмасдан қолдириш ҳақидаги суд ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Аризани кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин манфаатдор шахс судга ариза билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.

Chat