Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 25735 марта ўқилди

Хизматдан фойдаланиш

Жисмоний ва юридик шахслар ичимлик суви ҳисоблагичини:

  • ечиш;
  • қиёслашдан ўтказиш;
  • қайта ўрнатиш ва пломбалаш учун мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаат Давлат хизматлари маркази, ЯИДХП ёки қонунчиликда белгиланган ҳолларда тўғридан-тўғри таъминотчи корхона орқали амалга оширилади.

Талабгордан сўровномада назарда тутилмаган қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

Проактив қиёслаш

Таъминотчи корхона ҳисоблагични даврий қиёслаш муддати тугашидан 30 кун олдин истеъмолчини ёзма равишда огоҳлантиради.

Навбатдаги даврий қиёслаш қиёслаш муддатига 3 ой қолганда, истеъмолчининг алоҳида мурожаатисиз, таъминотчи корхона томонидан проактив тарзда ташкил этилади.

Таъминотчи корхона истеъмолчини ўз вақтида расмий огоҳлантирмаган бўлса, истеъмолчи ҳисоблагични белгиланган муддатда қиёслашдан ўтказмаганликда айбдор ҳисобланмайди.

Хизмат нархи

Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилинганда:

  • жисмоний шахслар ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик қилувчи шахслар учун — БҲМнинг 20 фоизи;
  • юридик шахслар учун — БҲМнинг 1,5 баравари.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда белгиланган сумманинг 90 фоизи, яъни:

  • БҲМнинг 18 фоизи;
  • юридик шахслар учун БҲМнинг 1,35 баравари тўланади.

Таъминотчи корхонага тўғридан-тўғри мурожаат қилинганда ёки хизмат проактив тарзда кўрсатилганда қиёслаш учун:

  • жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан — БҲМнинг 16 фоизи;
  • юридик шахслардан — БҲМнинг 1,2 баравари ундирилади.

Ечиш, қиёслаш ва ўрнатиш учун бир вақтда мурожаат қилинса, йиғим бир марта ундирилади.

Ижтимоий чегирмалар

Белгиланган йиғимларга:

  • Ижтимоий реестрдаги «камбағал оила» аъзолари ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун — 50 фоиз;
  • «давлат таъминотидаги оила» аъзолари учун — 75 фоиз чегирма қўлланилади.

Хизмат босқичлари

Таъминотчи корхона ҳисоблагични талабгор билан келишилган вақтда 5 иш куни ичида далолатнома асосида ечиб олади.

Метрология хизмати ҳисоблагични қабул қилганидан кейин 3 иш куни ичида қиёслашдан ўтказади:

  • ижобий натижада қиёслаш сертификати;
  • салбий натижада ҳисоблагичнинг яроқсизлиги тўғрисида хабарнома расмийлаштирилади.

Таъминотчи корхона сертификат ёки хабарнома келиб тушганидан кейин ҳисоблагични метрология хизматидан 2 иш куни ичида олиб кетади.

Яроқли ҳисоблагич талабгор билан келишилган вақтда 3 иш куни ичида қайта ўрнатилади ва пломбаланади.

Ҳисоблагич яроқсиз деб топилганда

Қиёслаш натижаси салбий бўлса, таъминотчи корхона ҳисоблагични 3 иш куни ичида таъмирлаш ёки янгисига алмаштириш чорасини кўради.

Ичимлик суви ҳисоблагичини таъмирлаш ёки янгисига алмаштириш харажатлари таъминотчи корхона томонидан қопланади. Таъмирланган ҳисоблагични қайта қиёслаш учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

Қиёслаш даврида ҳисоб-китоб

Ҳисоблагич истеъмолчининг айбисиз бузилганда ёки қиёслаш учун ечилганда, сув учун ҳисоб-китоб аввалги уч ҳисоб-китоб ойидаги ўртача сарф асосида амалга оширилади.

Бу тартиб бир ойдан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас.

Chat