Ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган болаларнинг протез-ортопедия мосламалари ёки реабилитация воситаларига муҳтожлиги тиббий кўрсатмалар асосида Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси — ТИЭК томонидан белгиланади.
Шахс ногиронлиги бўлган шахс ёки ногиронлиги бўлган бола деб топилаётганда, ТИЭК бир вақтнинг ўзида унинг тегишли протез мосламаси ёки реабилитация воситасига муҳтожлигини ҳам белгилайди.
Протез мосламаси ёки реабилитация воситаси учун тиббий хулоса олиш мақсадида алоҳида электрон ариза бериш ва талон расмийлаштириш талаб этилмайди.
Муҳтожлик белгиланиб, ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома расмийлаштирилганидан кейин маълумотлар 10 дақиқа ичида автоматик равишда «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимидаги электрон рўйхатга киритилади.
Шахснинг протез мосламаси ёки реабилитация воситасига муҳтожлиги биринчи марта белгиланганда ёхуд унинг такроран таъминланиш ҳуқуқи юзага келганда, ҳар бир восита учун алоҳида бир марталик электрон ваучер автоматик шакллантирилади.
Ваучер шаклланганидан кейин 10 дақиқа ичида шахснинг мобил телефон рақамига СМС-хабар юборилади. Бу ҳақда яшаш жойидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг ахборот тизимидаги шахсий кабинетига ҳам хабар келиб тушади.
Айрим қиймати БҲМнинг 30 фоизидан ошмайдиган реабилитация воситаларини харид қилиш учун маблағ ижтимоий картага ўтказилиши мумкин.
Ваучер шаклланганлиги ҳақида хабар олган шахс ёки унинг қонуний вакили «Ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида рўйхатдан ўтиб, шахсий кабинет орқали электрон савдо платформасида керакли воситани танлайди ва буюртма беради.
Шахс мустақил равишда буюртма бера олмаса, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази уни ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш ва унинг номидан буюртма шакллантиришда ёрдам беради.
Реабилитация воситаси сотувчи томонидан бевосита ёки почта алоқаси орқали етказиб берилади. Давлат маблағи белгиланган қоплаш миқдори доирасида тўланади. Танланган восита нархи қоплаш миқдоридан юқори бўлса, фарқни харидор тўлайди.
Воситанинг белгиланган фойдаланиш муддати тугаганда, тиббий кўрсатмалар сақланган бўлса, янги ваучер умумий тартибда автоматик шакллантирилади ёки ТИЭК томонидан такроран муҳтожлик белгиланади.
Қайта ТИЭК кўриги талаб этилса, шахсга воситанинг фойдаланиш муддати тугашидан камида бир ой олдин СМС-хабар юборилади.
Восита фойдаланиш муддати тугамасдан қуйидаги ҳолларда алмаштирилиши мумкин:
Бундай ҳолатда шахс «Ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими, «Инсон» маркази ёки ТИЭК орқали мурожаат қилади. Зарур ҳолларда ТИЭК кўриги 10 кун ичида ўтказилади.
Протез мосламаси ёки реабилитация воситасини бошқа шахсга бериш, сотиш, совға қилиш, қисмларини алмаштириш ёки ундан бошқа мақсадда фойдаланиш тақиқланади.
Мобил телефон рақами ўзгарганда шахс 10 кун ичида «Инсон» маркази ёки ижтимоий ходимга мурожаат қилиб, янги рақамни электрон рўйхатда янгилаши лозим.
Мансабдор шахслар, сотувчи ёки электрон савдо майдончаси операторининг ҳаракати устидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ёки бевосита судга шикоят қилиш мумкин.