Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 27392 марта ўқилди

Ҳисобварақдаги маълумотлар

Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи Халқ банкида очилади. Ҳисобвараққа:

  • жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадаллари;
  • ихтиёрий пенсия бадаллари;
  • ҳисобварақдаги маблағларга ҳисобланган фоизлар;
  • қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар кирим қилинади.

Ҳисобварақ рақами фуқарога умрбод берилади. Фуқаронинг иш жойи, яшаш жойи ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжати ўзгарганда янги ҳисобварақ очиш талаб қилинмайди.

ЯИДХП орқали маълумот олиш

Маълумотни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш мумкин.

Фуқаро OneID орқали шахсий кабинетга кириб, хизматни танлайди. Қўшимча қоғоз ҳужжатлар тақдим этиш талаб қилинмайди. Маълумот Халқ банкининг электрон базаси асосида автоматик шакллантирилади.

Хизмат натижаси, одатда, 1 дақиқа ичида тақдим этилади. Ахборот олиш бепул.

Маълумотда қуйидагилар акс этиши мумкин:

  • ҳисобварақнинг жорий ҳолати;
  • ҳисобвараққа киритилган бадаллар;
  • ҳисобланган фоизлар;
  • амалга оширилган жамғариб бориладиган пенсия тўловлари;
  • шахсий ҳисобварақ рақами.

Ҳисобварақ ҳолати ҳақида маълумот олиш жамғарилган маблағни ечиб олиш ёки пенсия тўловини тайинлаш ҳисобланмайди. Маблағларни олиш ҳуқуқи ва тўлов тартиби қонунчиликда алоҳида белгиланган.

Халқ банки орқали маълумот олиш

Фуқаро электрон хизматдан фойдаланмасдан ҳам яшаш жойидаги Халқ банки филиалига ёзма мурожаат қилиши мумкин.

Бунда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва мавжуд бўлса, жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси тақдим этилади. Фуқаронинг талаби бўйича банк:

  • мурожаат кунидаги жамғарма қолдиғи;
  • жорий йил бошидан киритилган бадаллар;
  • олдинги календарь йилдаги бадаллар ва фоизли даромадлар;
  • амалга оширилган тўловлар ҳақида ахборот беради.

Халқ банки фуқароларни ҳисобварақдаги жамғармалар ҳолати ҳақида йилда бир марта мажбурий тартибда хабардор қилиши лозим.

Маълумотларда хато аниқланганда

Ҳисобварақда иш ҳақидан ҳисобланган бадаллар кўринмаса ёки сумма нотўғри бўлса, фуқаро биринчи навбатда иш берувчидан ҳисобланган ва киритилган бадаллар ҳақида маълумот талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Шундан кейин Халқ банкининг хизмат кўрсатувчи филиалига тўловлар ва ҳисобварақ маълумотларини текшириш ҳақида мурожаат қилинади. Ахборотнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги учун хизмат кўрсатувчи Халқ банки филиали раҳбари жавоб беради.

Низо ҳал этилмаса, Халқ банкининг ҳудудий бошқармаси ёки юқори турувчи органига, шунингдек, судга мурожаат қилиш мумкин.

Chat