Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18796 марта ўқилди

Боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Ҳар бир бола ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари ва ҳаракатлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Боланинг ҳуқуқларини:

  • ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари;
  • васий ёки ҳомий;
  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари;
  • ички ишлар ва прокуратура органлари;
  • суд;
  • Болалар омбудсмани ҳимоя қилиши мумкин.

Боланинг мустақил мурожаат қилиши

Ота-она ёки қонуний вакил боланинг ҳуқуқларини бузса, ўз мажбуриятларини бажармаса ёки ваколатини суиистеъмол қилса, бола мустақил равишда ваколатли органларга мурожаат қилишга ҳақли.

Боланинг ёши ёки тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги унинг мурожаатини кўриб чиқмаслик учун асос бўлмайди.

Эмансипация қилинган, яъни қонунда белгиланган тартибда тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилинган вояга етмаган шахс ўз ҳуқуқларини мустақил амалга оширади.

Бола хавф остида бўлганда

Болага нисбатан зўравонлик содир этилгани, у қаровсиз қолгани ёки унинг ҳаёти ва соғлиғига хавф мавжудлиги ҳақида хабардор бўлган шахс тегишли органга хабар бериши лозим.

Қуйидагиларга мурожаат қилиш мумкин:

  • шошилинч хавфда — 102 рақами орқали ички ишлар органига;
  • туман ёки шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига;
  • прокуратурага;
  • таълим ёки тиббиёт муассасасига;
  • Болалар омбудсманига.

Зўравонликдан жабрланган ёки зўравонлик хавфи остида бўлган болага нисбатан хавф даражаси баҳоланиши, якка тартибдаги ҳимоя режаси ишлаб чиқилиши ва зарур ҳолларда ҳимоя ордери берилиши мумкин.

Ушбу тартиблар «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун, «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 893-сон қарорида назарда тутилган.

Chat