Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22570 марта ўқилди

ННТни қайта рўйхатдан ўтказиш муддати қисқартирилади - Review.uz

ННТни қайси орган рўйхатдан ўтказади?

Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш адлия органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

  • Ўзбекистонда фаолият юритаётган халқаро ННТларни;
  • бош ташкилоти Ўзбекистондан ташқарида жойлашган халқаро ННТ ва чет эл ННТларининг ваколатхоналари ва филиалларини;
  • республика ННТларни давлат рўйхатидан ўтказади.

Ҳудудий ННТлар эса Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида рўйхатдан ўтказилади.

Ҳужжатлар қачон тақдим этилади?

Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги ариза таъсис съезди, конференция ёки умумий йиғилиш ўтказилган кундан бошлаб 2 ой ичида, жамоат бирлашмаси учун эса 1 ой ичида тақдим этилади.

Ҳужжатлар қанча вақтда кўриб чиқилади?

Адлия органи тақдим этилган ҳужжатларни 1 ой ичида кўриб чиқиб:

  • давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Қарор қабул қилинганидан кейин 3 кун ичида муассисларга рўйхатдан ўтказилганлик ҳақида гувоҳнома ёки рад этишга сабаб бўлган қонунчилик талаблари аниқ кўрсатилган ҳужжат берилади.

Рўйхатдан ўтказилган ННТга тасдиқланган устав, СТИР ва КТУТ кодлари берилади, ташкилот ҳақидаги маълумотлар тегишли давлат реестрига киритилади.

Қайси ҳолатларда рўйхатдан ўтказиш рад этилиши мумкин?

Жумладан:

  • ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ёки лозим даражада расмийлаштирилмаган бўлса;
  • ҳужжатлар белгиланган муддатдан кеч топширилса;
  • худди шу номдаги ННТ аввал рўйхатдан ўтказилган бўлса;
  • ННТни ташкил этиш тартиби бузилган ёки таъсис ҳужжатлари қонунчиликка мувофиқ бўлмаса;
  • таъсис ҳужжатларида атайин нотўғри маълумотлар берилган бўлса;
  • қонунда назарда тутилган бошқа тақиқ ёки чекловлар мавжуд бўлса давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиши мумкин.

2025 йилдан айрим қўшимча рад этиш асослари ҳам белгиланган, жумладан таъсисчилар ёки раҳбар органи аъзоларининг террорчилик ёки оммавий қиргин қуролини тарқатиш билан боғлиқ махсус рўйхатларга киритилганлиги, жамоат фондларини ташкил этишда эса айрим мулкий жиноятлар учун тугалланмаган ёки олиб ташланмаган судланганлик ҳолати ҳисобга олинади.

Рад этилса нима қилиш мумкин?

Рад этиш сабаблари бартараф этилгандан кейин ҳужжатларни қайта тақдим этиш мумкин.

Шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги ёки рўйхатдан ўтказиш муддатлари бузилганлиги устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Фақат «ННТни ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас» деган важ билан давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Chat