Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 20299 марта ўқилди

Почта алоқаси хизматлари

Почта алоқаси хизматларига хатлар, почта карточкалари, бандероллар, посилкалар, тезкор почта жўнатмалари ва пул ўтказмаларини қабул қилиш, ишлов бериш, ташиш ҳамда етказиб бериш киради.

Универсал почта хизматлари мамлакат ҳудудида барча фойдаланувчилар учун белгиланган сифат талаблари ва тарифлар асосида кўрсатилади.

Фойдаланувчининг ҳуқуқлари

Фойдаланувчи:

  • почта хизматлари ва тарифлар ҳақида тўлиқ ахборот олиш;
  • жўнатмани манзил бўйича, талаб қилиб олиш асосида ёки почтомат орқали қабул қилиш;
  • жўнатмани олишдан бош тортиш;
  • хизматнинг белгиланган сифатда кўрсатилишини талаб қилиш;
  • жўнатма йўқолгани, шикастлангани ёки кечиккани учун зарар қопланишини талаб қилиш;
  • операторнинг ҳаракати ёки қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Фойдаланувчи хизмат ҳақини тўлаши, жўнатмани тўғри ўраши, манзил маълумотларини аниқ кўрсатиши ва жўнатилиши тақиқланган буюмларни юбормаслиги шарт.

Почта сири

Ёзишмалар, почта жўнатмалари, пул ўтказмалари, жўнатувчи ва олувчининг манзили ҳамда жўнатма мазмуни почта сири ҳисобланади.

Муҳим: почта сири қонун билан кафолатланади. Бундай маълумотлар фақат қонунчиликда бевосита назарда тутилган ҳолларда ва тартибда тақдим этилиши мумкин.

Талабнома ва жавобгарлик

Жўнатма топширилмаган, кечиктирилган, йўқолган ёки шикастланган, шунингдек, почта пул ўтказмаси тўланмаган бўлса, фойдаланувчи олти ой ичида ёзма талабнома тақдим этиши мумкин.

Талабнома:

  • бир аҳоли пункти доирасидаги жўнатма бўйича — беш кун ичида;
  • бошқа ҳолатларда — бир ой ичида кўриб чиқилади.

Қиймати эълон қилинган жўнатма йўқолганда унинг эълон қилинган қиймати ва қонунчиликда назарда тутилган товон тўланади. Жўнатма кечиктирилганда ҳар бир кечиккан кун учун хизмат ҳақининг бир фоизи миқдорида, лекин хизмат ҳақидан ортиқ бўлмаган пеня қўлланилиши мумкин.

Оператор енгиб бўлмайдиган куч, жўнатманинг табиий хусусиятлари ёки божхона органларининг қонуний ҳаракатлари оқибатида юзага келган зарар учун қонунда белгиланган ҳолларда жавобгар бўлмаслиги мумкин.

Бу муносабатлар «Почта алоқаси тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинади.

Chat