Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 11548 марта ўқилди

Крипто-дўкон нима?

Крипто-дўкон — крипто-активларни сотиб олиш ёки сотиш бўйича хизматларни электрон платформа ва ёки савдо объекти орқали кўрсатувчи юридик шахс.

Крипто-дўкон Ўзбекистонда фақат Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги берган лицензия асосида фаолият юритиши мумкин.

Операцияни амалга оширишдан олдин хизмат кўрсатувчининг лицензияси Агентликнинг электрон реестри орқали текширилиши лозим.

Кимлар крипто-дўкондан фойдаланиши мумкин?

Крипто-дўкон мижоз билан шартнома тузишдан олдин уни мажбурий идентификациядан ўтказади.

Мижоз:

  • 18 ёшга тўлган бўлиши;
  • шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини тақдим этиши;
  • ЖШШИРини кўрсатиши;
  • телефон рақами ёки электрон почта манзилини билдириши;
  • талаб қилинган бошқа маълумотларни тақдим этиши керак.

Крипто-дўкон 18 ёшга тўлмаган шахс билан шартнома тузмайди.

Мажбурий идентификация — операцияни амалга ошираётган шахснинг кимлигини ҳужжатлар ва бошқа маълумотлар орқали аниқлаш жараёни.

Шартнома қандай тузилади?

Крипто-дўкон орқали операция қилиш учун мижоз билан шартнома тузилади.

Савдо объектида шартнома ёзма шаклда икки нусхада расмийлаштирилади. Электрон платформада эса шартнома электрон оферта ва уни қабул қилиш орқали тузилиши мумкин.

Шартнома тузилишидан олдин мижозга:

  • операцияларни амалга ошириш шартлари;
  • комиссия ва бошқа тўловлар;
  • крипто-активнинг нархи;
  • тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • низоларни ҳал қилиш тартиби тушунтирилиши керак.

Электрон платформа орқали қандай операциялар мумкин?

Крипто-дўконнинг электрон платформаси орқали:

  • жисмоний шахслар банк ўтказмаси билан крипто-активларни миллий валютада сотиб олиши ёки сотиши;
  • чет эллик жисмоний шахслар банк ўтказмаси билан крипто-активларни хорижий валютада сотиб олиши ёки сотиши мумкин.

Электрон платформада ҳар бир мижоз учун фақат битта шахсий кабинет очилади.

Савдо объекти орқали қандай операциялар мумкин?

Крипто-дўконнинг савдо объекти орқали:

  • жисмоний шахслар банк ўтказмаси билан крипто-актив сотиб олиши;
  • мижозлар миллий ёки хорижий валютада нақд пул тўлаб крипто-актив сотиб олиши;
  • мижозлар крипто-активни фақат миллий валютада сотиши мумкин.

Операция амалга оширилганидан кейин крипто-дўкон мижозга уни тасдиқловчи маълумотнома ёки электрон ҳужжат тақдим этади.

Қандай операциялар тақиқланган?

Крипто-дўконда:

  • аноним крипто-активлар билан операциялар;
  • Ўзбекистон резидентлари чиқарган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган крипто-активлар билан операциялар;
  • қоидаларда рухсат этилмаган бошқа операциялар амалга оширилиши мумкин эмас.

Крипто-активлардан Ўзбекистон ҳудудида товар, иш ёки хизмат учун тўлов воситаси сифатида фойдаланиш тақиқланган.

Крипто-дўкон мижоз маблағларини сақлайдими?

Крипто-дўкон мижознинг пул маблағлари ёки крипто-активларини доимий сақлашга, шунингдек мижоз номидан унинг ҳисобидан мустақил савдо қилишга ҳақли эмас.

Крипто-дўкон операция бўйича ўз мажбуриятларини бажариши ва амалга оширилган операциялар ҳисобини юритиши шарт.

Хавфсизлик учун нималарга эътибор бериш керак?

Операциядан олдин:

  • хизмат кўрсатувчининг лицензиясини текшириш;
  • сайт манзили ва мобил илованинг ҳақиқийлигини аниқлаш;
  • шартнома ва комиссияларни ўқиш;
  • шахсий кабинет паролини бошқаларга бермаслик;
  • СМС-код, махфий калит ва крипто-ҳамённи тиклаш иборасини ошкор қилмаслик;
  • операция тасдиқномасини сақлаш керак.

Крипто-актив нархининг ошиши ёки пасайиши кафолатланмайди. Уни танлаш ва молиявий таваккалчилик мижознинг ўзига тегишли.

Низо келиб чиқса нима қилиш мумкин?

Аввало крипто-дўконга ёзма ёки электрон мурожаат юбориш лозим.

Мижоз ўз операциялари ҳақидаги ҳисоботни сўраш ҳуқуқига эга. Крипто-дўкон тегишли маълумотни сўров олинган кундан бошлаб 15 кундан кечиктирмай тақдим этиши керак.

Низо келишув орқали ҳал қилинмаса, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига ёки судга мурожаат қилиш мумкин.

Chat