Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 20959 марта ўқилди

Бош режанинг мазмуни

Аҳоли пунктининг бош режаси аҳоли пунктини ҳудудий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва фуқаролар учун қулай ҳаёт муҳитини комплекс шакллантириш шартларини белгилайдиган шаҳарсозлик ҳужжатидир.

Бош режада:

  • ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, табиий-иқлим шароитлари ва аҳоли сони прогнозини ҳисобга олган ривожланиш йўналишлари;
  • ҳудудларни зоналаштириш ва қуриш навбати;
  • табиий ва техноген фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чоралари;
  • муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш;
  • қурилган ва қурилмаган ҳудудлар нисбати;
  • аҳоли пунктини ривожлантириш учун захира ҳудудлар;
  • аҳоли пунктининг чегаралари белгиланади.

Бош режанинг амал қилиш муддати

Аҳоли пунктининг бош режаси 20–25 йиллик ҳисоб-китоб даврига мўлжаллаб ишлаб чиқилади.

У:

  • тўлиқ амалга оширилгунига қадар;
  • ёки янги бош режа тасдиқлангунига қадар амал қилади.

Шаҳарнинг бош режаси ва шаҳар атрофи зонасини режалаштириш лойиҳаси чегарадош ҳудудларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари келишуви асосида ягона ҳужжат сифатида ишлаб чиқилиши мумкин.

Маданий мерос объектлари мавжуд аҳоли пунктида тарихий-архитектура режаси ва маданий мерос объектларининг муҳофаза зоналари ҳисобга олиниши шарт.

Бош режа мавжуд бўлмаган даврда қурилиш

Аҳоли пунктининг бош режаси мавжуд бўлмаганда ёки янги бош режа ишлаб чиқилаётганда жорий қурилиш учун ер участкаси ажратишга оид масалалар туман ёки шаҳар қурилиш бўлимининг тақдимномасига асосан тегишли ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишилади.

Янги бош режа ишлаб чиқилаётган даврда давлат аҳамиятига молик объектлар учун ер ажратиш материаллари бош режани ишлаб чиқувчи билан ҳам келишилиши лозим.

Аҳоли пунктлари ҳудудида объектларни бош режа ва бошқа зарур шаҳарсозлик ҳужжатларисиз лойиҳалаштириш ва қуриш тақиқланади.

Тасдиқланган бош режага ўзгартиш киритиш

Қонуний манфаатларига дахл қилинган жамоатчилик назорати субъектлари тасдиқланган бош режага ўзгартиш киритиш бўйича таклиф бериши мумкин.

Бундай таклиф:

  • бош режани амалга ошириш бошлангунига қадар;
  • маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органига;
  • ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи таклифни 15 кун ичида кўриб чиқади. Жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш зарурати бўлмаса, аризачига асослантирилган рад жавоби юборилади.

Эксперт баҳолаш натижалари олингандан кейин таклиф буюртмачи томонидан аризачи ёки унинг вакили иштирокида яна 15 кун ичида кўриб чиқилади. Эксперт баҳолаш ва ўзгартишларни ишлаб чиқиш буюртмачи маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Шаҳарсозлик фаолияти объектлари

Шаҳарсозлик фаолияти объектларига:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ва унинг қисмлари;
  • аҳоли пунктлари ва аҳоли пунктлариаро ҳудудлар;
  • ер участкалари;
  • бинолар ва иншоотлар;
  • шаҳарсозлик, ишлаб чиқариш ва ландшафт мажмуалари;
  • рекреация ва ишлаб чиқариш зоналари;
  • маданий мерос объектлари ва уларнинг муҳофаза зоналари;
  • муҳандислик ва транспорт коммуникациялари;
  • реклама ва ахборот конструкциялари киради.

Буюртмачилар ва уларнинг ҳуқуқлари

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритувчи шахслар буюртмачи бўлиши мумкин.

Буюртмачи:

  • шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчини танлаш;
  • у билан лойиҳалаш шартномасини тузиш;
  • қурилиш пудратчисини танлаш;
  • пудрат шартномасини тузиш ҳуқуқига эга.

Буюртмачи қурилиш, реконструкция, таъмирлаш ёки бузиш ишларининг қонуний ташкил этилиши, зарур лойиҳа, экспертиза ва назорат ишлари бажарилиши учун масъул ҳисобланади.

Давлат бошқаруви

Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқарувини Вазирлар Маҳкамаси, шаҳарсозлик соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат органлари, ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.

Chat