Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16631 марта ўқилди

Ваколатли орган қайси?

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш ёки кўчириб ўтказишга доир рухсатномалар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан расмийлаштирилади.

Булар Қорақалпоғистон Республикасидаги тегишли экология органи, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаларидир.

Қандай мурожаат қилинади?

Жисмоний ёки юридик шахс рухсатнома олиш учун махсус электрон тизим орқали ариза беради.

Аризада, жумладан:

  • дарахт ёки бутанинг тури ва сони;
  • жойлашган аниқ манзили;
  • кесиш ёки кўчириб ўтказишдан мақсад;
  • ариза берувчи ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Ариза қанча вақтда кўриб чиқилади?

Амалдаги тартиб бўйича аризани кўриб чиқиш муддати — 10 иш куни.

Рухсат бериш жараёнида дарахтнинг ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилиши, уни сақлаб қолиш ёки кўчириб ўтказиш имконияти баҳоланиши ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда жамоатчилик эшитуви ўтказилиши мумкин.

Қуриган ёки касал дарахт учун ҳам рухсатнома керакми?

Қуриган ёки касалланган дарахтни танасидан ёки таг қисмидан санитария мақсадида кесиш махсус комиссия хулосаси асосида тўловсиз рухсатнома билан амалга оширилади.

Дарахт ва буталарнинг фақат шохларини санитария мақсадида кесиш ёки буташ учун рухсатнома талаб этилмайди.

Эслатма: дарахтнинг шохини санитария мақсадида буташ билан унинг танасини ёки таг қисмини кесиб ташлаш бир хил тартиб эмас. Дарахтни бутунлай кесишдан олдин рухсатнома талаб этилишини текшириш зарур.

Chat