Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 47946 марта ўқилди

Ким ходим ҳисобланади?

Иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган, меҳнатга оид ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга Ўзбекистон фуқароси, шунингдек қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ходим бўлиши мумкин.

Қоида тариқасида, шахснинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва муомала лаёқати 16 ёшдан вужудга келади.

15 ёшга тўлган ўқувчи ота-онасидан бирининг ёзма розилиги билан, ўқишдан бўш вақтида, соғлиғи ва маънавий камолотига зарар етказмайдиган ҳамда таълим жараёнини бузмайдиган енгил ишга қабул қилиниши мумкин.

Ходим қандай ҳуқуқларга эга?

Ходим:

  • меҳнат шартномасини қонунда белгиланган тартибда тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш;
  • меҳнат шартномасида белгиланган иш билан таъминланиш;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган иш жойига эга бўлиш;
  • малакаси, меҳнатининг мураккаблиги, бажарган ишининг миқдори ва сифатига мувофиқ иш ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ олиш;
  • белгиланган иш вақти, дам олиш кунлари, байрам кунлари ва йиллик меҳнат таътили орқали дам олиш;
  • хавфсиз ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитда ишлаш ҳамда иш жойидаги меҳнат шароитлари ҳақида тўлиқ ахборот олиш;
  • касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  • ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмалари ва бошқа ташкилотларга бирлашиш;
  • жамоа келишувлари ва жамоа шартномаси ҳамда уларнинг бажарилиши ҳақида ахборот олиш;
  • меҳнат вазифасини бажариши муносабати билан етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зиён компенсация қилинишини талаб қилиш;
  • меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қонунда тақиқланмаган усулларда ҳимоя қилиш;
  • меҳнат низоларини қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилиш ҳуқуқига эга.

Муҳим: меҳнат шартномасига ходимнинг қонунчиликда белгиланган ҳолатини ёмонлаштирадиган шартларни киритиш мумкин эмас. Бундай шарт киритилган бўлса, у ҳақиқий ҳисобланмайди.

Ходимнинг айрим ҳуқуқлари меҳнат шартномасида алоҳида кўрсатилмаган бўлса ҳам, бу уни қонунчиликда берилган ҳуқуқлардан маҳрум қилмайди.

Ходим қандай мажбуриятларга эга?

Ходим:

  • меҳнат қонунчилиги, меҳнатга оид бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ва меҳнат шартномаси шартларига риоя қилиши;
  • ўз меҳнат вазифаларини виждонан бажариши;
  • ички меҳнат тартиби ва меҳнат интизомига риоя қилиши;
  • белгиланган меҳнат нормаларини бажариши;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги, технология интизоми ва ишлаб чиқариш санитарияси қоидаларига амал қилиши;
  • иш берувчининг мол-мулкига эҳтиёткорона муносабатда бўлиши;
  • иш берувчига етказилган моддий зарарни қонунда белгиланган тартиб ва доирада қоплаши;
  • инсонлар ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд мол-мулк сақланишига таҳдид солувчи вазият юзага келса, бу ҳақда иш берувчи ёки бевосита раҳбарга дарҳол хабар бериши;
  • бошқа ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилмаслиги шарт.

Меҳнат шартномаси ва бошқа меҳнатга оид ҳужжатларда қонунчиликка зид бўлмаган қўшимча ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳам белгиланиши мумкин.

Ходимнинг ҳуқуқи бузилса нима қилиш мумкин?

Ходим ўз меҳнат ҳуқуқларини қонунда тақиқланмаган усулларда ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Меҳнат низоси мавжуд бўлса, у қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда меҳнат низолари бўйича комиссияга ёки судга мурожаат қилиши мумкин.

Шунингдек, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш мумкин.

Эслатма: меҳнат ҳуқуқи бузилган ҳолатда меҳнат шартномаси, ишга қабул қилиш ёки ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқлар, иш ҳақига оид маълумотлар ва бошқа тегишли ҳужжатларни сақлаб қўйиш низони ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш берувчилар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.


Chat