Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 21834 марта ўқилди

Жамоа келишувларининг турлари

Қамраб олинадиган соҳасига қараб жамоа келишувлари:

  • ҳудудий;
  • тармоқ;
  • бош жамоа келишуви

шаклида тузилиши мумкин.

Ҳудудий келишув муайян ҳудуддаги умумий меҳнат шартлари, кафолат ва имтиёзларни белгилайди.

Тармоқ келишуви муайян соҳа ёки тармоқдаги ходимлар ва иш берувчилар учун умумий меҳнат шартлари ва кафолатларни белгилайди.

Бош жамоа келишуви эса республика даражасида ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг келишилган асосий йўналишларини белгилайди.

Ходим учун қандай аҳамияти бор?

Жамоа келишувларида:

  • меҳнатга ҳақ тўлаш;
  • меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш;
  • иш ва дам олиш режими;
  • нархлар ва инфляция ўзгаришига қараб иш ҳақини тартибга солиш механизмлари;
  • компенсация тўловлари;
  • бандлик, касбга тайёрлаш ва малака ошириш;
  • ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш;
  • ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, 18 ёшга тўлмаганлар ва бошқа қўшимча ҳимояга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш;
  • меҳнат низоларининг олдини олишга оид қоидалар белгиланиши мумкин.

Муҳим: жамоа келишуви ходимнинг ҳолатини қонунчиликка ёки унга татбиқ этиладиган юқорироқ даражадаги жамоа келишувига нисбатан ёмонлаштириши мумкин эмас. Бундай шарт ҳақиқий ҳисобланмайди.

Келишув қандай тайёрланади?

Жамоа келишувининг лойиҳаси жамоавий музокаралар жараёнида ишлаб чиқилади.

Уни тайёрлаш ва тузишнинг аниқ тартиби ҳамда муддатларини тегишли ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия белгилайди. Музокаралар бошлангани ҳақидаги ахборот оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилиши лозим.

Келишув тарафларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланади.

Рўйхатга олиш тартиби

Имзоланган жамоа келишуви ва унга илова қилинган ҳужжатлар 7 кун ичида ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия томонидан келишув тарафларига ҳамда хабардор қилиш тартибида рўйхатга олиш учун Давлат меҳнат инспекциясига юборилади.

Эслатма: жамоа келишувининг кучга кириши уни хабардор қилиш тартибида рўйхатга олинган ёки олинмаганига боғлиқ эмас.

Жамоа келишувларини ва уларга киритиладиган ўзгартиш-қўшимчаларни хабардор қилиш тартибида рўйхатга олишнинг алоҳида тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 ноябрдаги 758-сон қарори билан белгиланган.

Келишув кимларга татбиқ этилади?

Жамоа келишуви, қоида тариқасида, уни тузган вакиллар орқали иштирок этган ходимлар ва иш берувчиларга татбиқ этилади.

Бош жамоа келишуви эса Ўзбекистон ҳудудидаги барча ходимлар ва иш берувчиларга, шунингдек ижро этувчи ҳокимият органларига татбиқ этилади.

Амал қилиш муддати ва эълон қилиниши

Жамоа келишуви имзоланган кундан ёки унда белгиланган санадан кучга киради ва кўпи билан 3 йил амал қилади.

Унинг муддати тугаганидан кейин тарафлар янги келишув тузгунига ёки амалдаги келишувни ўзгартиргунига қадар у амал қилишда давом этади.

Жамоа келишуви имзоланганидан кейин 10 кундан кечиктирмай оммавий ахборот воситаларида ёки унинг тарафлари расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозим.

Chat