Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13001 марта ўқилди

Ишдан бўшатиш нафақаси ходим билан меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ходимнинг ишдан маҳрум бўлиши оқибатларини юмшатиш мақсадида амалга ошириладиган, қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган бир йўла бериладиган пулли тўловдир.

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда қуйидаги ҳолларда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади:
  • иш берувчининг ташаббусига кўра, бундан шартнома ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ асослар бўйича бекор қилинганлиги мустасно;
  • ушбу Кодекс 168-моддаси биринчи қисмининг 1, 2, 6 (ташкилотни тугатиш қисмида) ва 9-бандларида назарда тутилган тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, бундан жисмоний шахс бўлган иш берувчи муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган ҳоллар мустасно. Меҳнат шартномаси ушбу Кодекс 168-моддаси биринчи қисмининг 4 ва 5-бандларига мувофиқ бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади, бундан ишга қабул қилишнинг белгиланган қоидалари ходимнинг айби билан бузилган (суднинг муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги ҳукмини яшириш, сохта ҳужжатлар тақдим этиш ва бошқалар) ёхуд ходимнинг ҳаракатлари қонунчиликка мувофиқ якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришга тўсқинлик қиладиган ҳолатларнинг юзага келишига олиб келган ҳоллар мустасно;
  • ходим янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан;
  • ходим тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра ўзига қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этганлиги ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаганлиги муносабати билан;
  • ходим иш берувчи билан бирга бошқа жойдаги ишга кўчишни рад этганлиги муносабати билан;
  • ходим ташкилотнинг мулкдори алмашганлиги, унинг қайта ташкил этилганлиги, идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан.

Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у:
  • 3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан;
  • 3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан;
  • 5 йилдан 10 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан;
  • 10 йилдан 15 беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 150 фоизидан;
  • 15 беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида ходимларга иш берувчининг маблағлари ҳисобидан ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш чоғида қўшимча кафолатлар (ушбу модданинг учинчи қисмида мустаҳкамланганларига нисбатан ишдан бўшатиш нафақасининг оширилган миқдорлари, ишдан бўшатиш нафақасининг миқдорига таъсир кўрсатадиган иш стажига ходимларнинг муайян тармоқдаги ёки муайян касбга доир меҳнат фаолияти даврларини киритиш, ушбу ташкилотга иш берувчининг таклифи билан ишга кирган ходимларнинг кўрсатилган стажида ходим илгари меҳнат қилган ташкилотда ишлаган вақтни ҳисобга олиш), белгиланиши мумкин.

Ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ бўлган асосларга кўра ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида ёхуд иш берувчининг, юридик шахс ваколатли органларининг, ташкилот мулкдорининг ёки мулкдорлар томонидан ваколат берилган шахсларнинг қарорларида ходимларга ишдан бўшатиш нафақаларини, компенсацияларни тўлаш ва (ёки) уларга ҳар қандай шаклда бирор-бир бошқа тўловларни тайинлаш назарда тутилиши мумкин эмас.

Chat