Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17915 марта ўқилди

Хизматнинг мазмуни

Нотариус жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган ҳужжатлар нусхаларининг ҳамда ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг асл ҳужжатга мувофиқлигини шаҳодатлайди.

Нотариус ҳужжатда баён этилган фактларнинг ҳақиқийлигини эмас, нусха ёки кўчирманинг тақдим этилган асл ҳужжатга мослигини тасдиқлайди.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар

Мурожаат қилувчи:

  • паспорт, идентификация ID-картаси ёки қонунчиликда белгиланган бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжатни;
  • нусхаси ёки кўчирмаси шаҳодатланадиган ҳужжатнинг асл нусхасини тақдим этади.

Нусхадан олинган нусха фақат:

  • аввалги нусха нотариал тартибда шаҳодатланган бўлса; ёки
  • нусха асл ҳужжатни берган ташкилот томонидан расмий бланкда берилиб, муҳрланган ва асл ҳужжат шу ташкилотда сақланаётгани кўрсатилган бўлса, шаҳодатланади.

Ҳужжатдан кўчирма олиш

Кўчирма фақат ҳужжатда ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта алоҳида масалага оид қарорлар мавжуд бўлганда шаҳодатланиши мумкин. Кўчирма муайян масалага тааллуқли қисмнинг тўлиқ матнини қамраб олиши керак.

Муҳим: паспорт, ID-карта ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг нусхаси, халқаро шартномада бундай талаб назарда тутилган ҳоллардан ташқари, нотариал шаҳодатланмайди.

Шаҳодатланган нусха ёки кўчирманинг алоҳида нусхаси нотариал идорада қолдирилмайди.

Муддат ва тўлов

Зарур ҳужжатлар тақдим этилиб, ҳақ тўланганидан кейин нотариал ҳаракат мурожаат қилинган куни амалга оширилади. Қўшимча маълумот ёки экспертиза зарур бўлса, амалга ошириш кечиктирилиши мумкин.

Давлат божи:

  • жисмоний шахслар учун — ҳар бир бетга БҲМнинг 1 фоизи;
  • юридик шахслар учун — ҳар бир бетга БҲМнинг 2 фоизи.

Техник воситалар ёрдамида нусха тайёрлаш каби қўшимча ҳаракатлар учун алоҳида ҳақ ундирилиши мумкин.

Тартиб «Нотариат тўғрисида»ги Қонун, Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун ва қўшимча ҳаракатлар учун тўловларнинг максимал миқдорлари билан белгиланган.

Chat