Блогер тушунчаси
Блогер — Интернетдаги ўз веб-сайти ёки веб-сайт саҳифасида ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятдаги ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан уни фойдаланувчилар муҳокамаси учун тақдим этувчи жисмоний шахс.
Блогернинг саҳифаси расман ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказилмаган бўлса ҳам, у Интернетда ахборот тарқатишга оид қонунчилик талабларига риоя қилиши шарт.
Блогернинг асосий мажбуриятлари
Блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан олдин унинг тўғрилигини текшириши керак. Жойлаштирилган маълумот нотўғри экани аниқланса, уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.
Блогер ўз веб-сайти, ижтимоий тармоқдаги саҳифаси, бошқа ахборот ресурси ва тезкор хабар алмашиш тизимларини тақиқланган ахборотни аниқлаш мақсадида мунтазам мониторинг қилиши лозим.
Муҳим: блогер фақат ўзи жойлаштирган постларга эмас, балки қонун талабларидан келиб чиқиб, ўз ресурсида жойлаштирилган тақиқланган ахборотни аниқлаш ва уни дарҳол бартараф этиш чораларини кўришга ҳам масъул.
Тарқатилишига йўл қўйилмайдиган ахборот
Блогер ўз ресурсидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт:
- конституциявий тузум ёки ҳудудий яхлитликни зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;
- оммавий тартибсизликлар, зўравонлик ёки қонунга хилоф оммавий тадбирларда иштирок этишга чақириш ва бундай ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
- жамоат тартиби ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;
- уруш, терроризм, диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилиш;
- давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор қилиш;
- миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш;
- шахснинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказиш ва унинг шахсий ҳаётига аралашиш;
- сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб, шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф ишлов бериш ёки уларни тарқатиш;
- жамият, давлат ёки давлат рамзларига ҳурматсизликни ифодаловчи ахборот тарқатиш;
- гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, порнография, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, ўз жонига қасд қилишга чақириш;
- бошқа шахсларга тегишли интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф фойдаланиш;
- фуқароларни, шу жумладан вояга етмаганларни ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли ғайриқонуний ҳаракатларга ундаш.
Талаблар бузилганда
Қонун талаблари бажарилмаса:
- веб-сайт, саҳифа ёки бошқа ахборот ресурсидан фойдаланиш махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкин;
- ҳуқуқбузарлик мазмунига қараб фуқаролик, маъмурий ёки жиноий жавобгарлик қўлланилиши мумкин;
- ҳуқуқи бузилган шахс ахборотни ўчириш, зарарни қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисида судга мурожаат қилишга ҳақли.
- «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонун
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс