112 қандай хизмат?
112 — ҳодиса, фавқулодда ёки мураккаб ҳаётий вазият юзага келганда зарур шошилинч хизматни «ягона дарча» тамойили асосида чақириш имконини берадиган ягона қисқа рақам.
Чақирувлар туну кун ва бепул қабул қилинади.
112 орқали қайси хизматларни чақириш мумкин?
Тизим, жумладан:
- ички ишлар органлари;
- тез тиббий ёрдам;
- ёнғинга қарши ва қутқарув хизматлари;
- газ тармоғи авария хизмати;
- тезкор ижтимоий-психологик ёрдам;
- зарур бошқа шошилинч давлат хизматлари билан ўзаро боғланган.
Оператор чақирув мазмунига қараб ахборотни тегишли шошилинч хизматга йўналтиради ва хизматлар ўртасидаги ҳаракатларни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Қайси ҳолатларда 112 га қўнғироқ қилиш мумкин?
112 рақамига, масалан:
- ёнғин ёки бошқа фавқулодда вазият;
- жиноят ёки ҳуқуқбузарлик;
- йўл-транспорт ҳодисаси;
- шошилинч тиббий ёрдам талаб этилганда;
- газ аварияси;
- тазйиқ, зўравонлик ёки бошқа мураккаб ҳаётий вазият;
- ўз жонига қасд қилишга уриниш билан боғлиқ ҳолат юз берганда мурожаат қилиш мумкин.
102 ёки 103 рақамлари бекор қилинганми?
Йўқ. 112 орқали «ягона дарча» тартибида мурожаат қилиш билан бирга махсус хизматларнинг мавжуд қисқа рақамларига тўғридан-тўғри қўнғироқ қилиш тартиби ҳам сақланган.
Жумладан:
- 102 — ички ишлар органлари;
- 101/1050 — қутқарув ва ёнғинга қарши хизмат;
- 103 — тез тиббий ёрдам;
- 104/1104 — газ авария хизмати;
- 1146 — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки шошилинч руҳий-психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизларга ёрдам хизмати.
Қайси тилларда мурожаат қилиш мумкин?
Низомга кўра 112 чақирувлари ўзбек, қорақалпоқ, рус ва хорижий тилларда, шунингдек эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар учун имо-ишора тилида қабул қилиниши назарда тутилган.
Эслатма: 112 — маълумот олиш ёки оддий маиший мурожаатлар учун эмас, шошилинч чора кўриш талаб қилинадиган ҳодисалар учун мўлжалланган рақам.