Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22222 марта ўқилди

Қаерга мурожаат қилинади

Транспорт воситаси эгаси мажбурий автосуғуртани амалга ошириш ҳуқуқига эга суғурта ташкилоти, унинг филиали ёки суғурта агентига мурожаат қилади.

Шартномани суғурталовчининг электрон хизматлари орқали ҳам тузиш мумкин.

Асосий ҳужжатлар

Ҳар бир транспорт воситаси бўйича ариза-анкета тўлдирилади. Ундаги маълумотларни текшириш учун ҳолатга қараб қуйидагилар тақдим этилади:

  • суғурта қилдирувчи жисмоний шахснинг паспорти, ID-картаси ёки бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжати;
  • транспорт воситасининг техник паспорти, ҳисоб-маълумотномаси ёки давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
  • рўйхатдан ўтказилмаган транспорт воситаси бўйича олди-сотди, айирбошлаш ёки ҳадя шартномаси;
  • чекланган полисда транспортни бошқаришга қўйиладиган барча шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари;
  • суғурта мукофоти бўйича имтиёз олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • чекланган полисга яқин қариндошлар киритилса, қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Суғурта қилдирувчи тақдим этган маълумот ва ҳужжатларнинг тўлиқлиги ҳамда ҳақиқийлиги учун жавоб беради.

Электрон базадаги маълумотлар

Агар зарур маълумотлар мажбурий суғуртанинг ягона ахборот базасида мавжуд бўлса, суғурталовчи тегишли қоғоз ҳужжатларни қайта талаб қилмасдан шартнома тузишга ҳақли.

Аввалги суғурта ҳодисалари ва ҳайдовчиларнинг суғурта тарихи ҳам ягона ахборот базасидан олиниши мумкин.

Чекланган полис

Чекланган полисда автомобилни бошқаришга рухсат этилган шахслар ариза ва полисда кўрсатилади.

Шу сабабли:

  • ҳар бир ҳайдовчининг шахсий маълумоти;
  • ҳайдовчилик гувоҳномаси маълумотлари;
  • яқин қариндош бўлса, қариндошликни тасдиқловчи маълумот талаб қилинади.

Чекланмаган полис

Чекланмаган полисда автомобилни бошқарувчи шахслар сони чекланмайди. Мулкдор, унинг яқин қариндошлари ва бошқа фойдаланувчилар полисда алоҳида кўрсатилмайди.

Бундай полис учун ҳайдовчиларнинг тўлиқ рўйхати ва ҳар бирининг ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этиш талаб қилинмайди. Бироқ чекланмаган фойдаланиш учун суғурта мукофотига алоҳида коэффициент қўлланади.

Автомобиль ҳали рўйхатдан ўтказилмаган бўлса

Автомобиль давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса, аризадаги «Давлат рўйхатидан ўтказиш рақами» сатри тўлдирилмайди.

Автомобиль рўйхатдан ўтказилганидан кейин унинг эгаси 3 иш куни ичида суғурталовчига техник паспорт ёки рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси нусхасини тақдим этиши керак. Суғурталовчи полис маълумотларига тегишли ўзгартириш киритади.

Полиснинг амал қилиш муддати

Қоида тариқасида, мажбурий суғурта шартномаси 1 йилга тузилади.

Бунда:

  • янги олинган автомобиль учун рўйхатдан ўтказиш жойига бориш муддатига;
  • мавсумий фойдаланиладиган транспорт учун календарь йилда камида 6 ойга;
  • Ўзбекистонда вақтинча фойдаланиладиган хорижий транспорт учун бутун фойдаланиш муддатига, лекин камида 15 кунга шартнома тузилиши мумкин.

Полис ҳисобланган суғурта мукофоти тўланганидан кейин Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида расмийлаштирилади.

Ҳужжатлар ва шартнома тузиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 июндаги 141-сон қарори ҳамда «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган.

Chat