Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 26229 марта ўқилди

Ҳайдовчи — йўлларда транспорт воситасини бошқариб бораётган шахс. Бошқаришни ўргатувчи, от аравани бошқараётган, ҳайвонларни миниб ҳаракатланаётган ёки уларни етаклаб бораётган, чорва моллари (пода)ни ҳайдаб бораётган шахслар ҳайдовчига тенглаштирилади.

Механик транспорт воситасининг ҳайдовчиси қуйидаги ҳужжатларни ёнида олиб юриши ва ИИО ходимлари талаб қилганда уларга текшириш учун бериши шарт:
  1. тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини, унинг талонини (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлса), ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган тартибда олиб қўйилган ҳолларда вақтинча рухсатномани;
  2. вақтинча рухсатнома билан транспорт воситасини бошқаришда ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни;
  3. транспорт воситасини (мопеддан ташқари), мавжуд бўлганда тиркамани рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳномани;
  4. транспорт воситасининг эгаси бўлмаган ҳолларда эса, умумий эгалик ҳуқуқини ёки тасарруф этиш ҳуқуқини берувчи, эгалик қилишга ва фойдаланишга берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни, транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) бундан мустасно;
  5. транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисини (электрон кўринишда ҳам бўлиши мумкин).
  6. «Ногиронлиги бўлган шахс» таниқли белгиси ўрнатилган транспорт воситасини биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс бошқараётганда ногиронлигини тасдиқловчи ҳужжатни;
  7. қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда лицензия гувоҳномасини, юридик шахс томонидан берилган транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномани ёки йўл варақасини, ташилаётган юк ҳужжатларини;
  8. юридик шахслар транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати (ва бошқалар).


Транспорт воситасининг ҳайдовчиси қуйидагиларга мажбурдир

а) йўлга чиқишдан олдин транспорт воситасининг техник созлигини, тозалигини ва тўлиқ жиҳозланганлигини текшириши;

б) ҳаракатланиш вақтида транспорт воситасининг техник созлигини таъминлаши;

в) ҳаракатланишни бошлашдан олдин йўловчилар транспорт воситасида жойларини эгаллаганлигига, транспорт воситасининг эшиклари ёпилганлигига, йўловчилар ташиш учун махсус жиҳозланган юк транспорт воситаларида йўловчилар ташиётганда Қоидаларнинг 24-банди талаблари бажарилганлигига ишонч ҳосил қилиши;

г) ҳаракатланиш жараёнида бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига, айниқса, пиёдалар, болалар, ногиронлар, қарияларга ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши;

д) йўловчиларни қуйидагилар ҳақида огоҳлантириши шарт:

  • ҳаракатланаётган вақтда автомобиль салонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш тақиқланганлиги;
  • транспорт воситаси ҳаракатланишни бошлашидан олдин хавфсизлик камарларини тақишлари (ушбу Қоидаларнинг 9-бандига мувофиқ), мотоцикл, мопед ва скутерда ҳаракатланаётганда эса мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари зарурлиги;

е) сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда мажбурий тўхтаган транспорт воситасининг ҳайдовчиси таъмирлаш мақсадида йўлнинг қатнов қисмига чиқишдан олдин нур қайтаргичли махсус жилет кийиб олиши (енгил ва юк автомобили, автобус ва ғилдиракли тракторлар ҳайдовчилари);

ё) ИИО ходимларининг талабига кўра мастлик ҳолатини аниқловчи махсус текширув ёки алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кучли таъсир қилувчи моддалар таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтиши;

ж) ҳаракатланиш вақтида авария ҳолатини юзага келтирмасликлари;

з) қуйидаги ҳолларда фойдаланиш учун транспорт воситасини бериши шарт:

  • ИИО, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган холларда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажариш учун, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси туфайли шикастланган ёки носоз транспорт воситаларини олиб кетиш (шатакка олиш) учун (фақат юк автомобилидан);
  • йўлакай йўналишда кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишга кетаётган тиббиёт ходимларига ҳамда зудлик билан тиббий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларни даволаш-профилактика муассасасига олиб бориш учун.


Ҳайдовчига қуйидагилар тақиқланади
  1. транспорт воситасини спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кучли таъсир қилувчи моддалар таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш;
  2. ҳар қандай мастлик ҳолатида, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бўлган, шунингдек, тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган, йўл варақасида ёки транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида исм-фамилияси кўрсатилмаган (транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича шартнома ушбу транспорт воситасидан чекланмаган шахсларнинг фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда тузилган ҳоллардан ташқари) шахсларга транспорт воситасини бошқариш учун топшириш;
  3. тормоз тизими, руль бошқаруви ишламаётган, улагич мосламаси (автопоезд таркибида) носоз бўлган, сутканинг қоронғи вақтида ёки кўриниш чекланган вазиятларда ёнмайдиган фара чироқлари ва орқа габарит фара чироқлари, ёмғир ёки қор ёғаётган вақтда ойна тозалагич ишламайдиган транспорт воситасини бошқариш;
  4. тегишли рухсатсиз транспорт воситаларига махсус техник жиҳоз (рация, сирена ва шу кабилар)лар ўрнатиш;
  5. транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси, шу жумладан пиёдалар жамланмалари ҳаракатига халақит бериш ва улар орасига кириш;
  6. транспорт воситасини бошқариш пайтида телефондан (телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларни ишлатмасдан туриб сўзлашувлар олиб бориш имкониятини берадиган бошқа ускуналар орқали фойдаланиш бундан мустасно), транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўрнатилган теле, видеомонитордан теле, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш;
  7. аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларни ҳамда двигатель шовқинини белгиланган меъёрдан баланд овозда қилиб фойдаланиш.
  8. Ҳаракатланиш вақтида ушбу Қоидаларга 3-иловада кўрсатилган транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар юзага келганда, ҳайдовчи уларни бартараф этиши, агар бунинг иложи бўлмаса, зарур бўлган эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда таъмирлаш ёки тўхтаб туриш жойига эвакуатор ёки шатакка олиш орқали транспорт воситасини олиб бориш чораларини кўриши мумкин.

Chat