Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 31738 марта ўқилди

Лицензия талаб этиладиган ташиш турлари

Қуйидаги фаолиятлар тижорат асосида амалга оширилганда лицензия олиниши шарт:

  • йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналишларда автобус, микроавтобус ёки енгил автомобилда ташиш;
  • йўловчиларни халқаро йўналишларда автобус, микроавтобус ёки енгил автомобилда ташиш;
  • юкларни автомобиль транспортида халқаро йўналишлар бўйича ташиш.

Маҳаллий йўналишларда оддий юк ташиш мазкур лицензия турига кирмайди. Юк ташиш фаолияти учун лицензия фақат халқаро ташувлар бўйича талаб этилади.

Йўловчи ташиш билан юридик шахслар, халқаро юк ташиш билан эса юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларга ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқли енгил автомобилда шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналишларда йўловчи ташишга рухсат берилади.

Тижорат асосида йўловчи ёки халқаро юк ташишда фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситаси учун алоҳида лицензия варақаси бўлиши шарт.

Мурожаат қилиш тартиби

Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига шахсан мурожаат қилиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд «Лицензия» ахборот тизими орқали электрон сўровнома юбориши мумкин.

Сўровномада қуйидагилар кўрсатилади:

  • ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар;
  • лицензияланадиган ташиш тури;
  • фойдаланиладиган автотранспорт воситалари рўйхати;
  • транспорт воситаларининг мулк, бошқа ашёвий ҳуқуқ ёки ижара асосида тегишлилиги;
  • ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ва транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш имконияти;
  • зарур ҳолларда ихтисослашган ташкилот билан тузилган шартнома ҳақидаги маълумотлар.

Юридик шахс штатида йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспорт воситаларидан фойдаланиш учун масъул, махсус дастур бўйича малака оширган мансабдор шахс бўлиши керак.

Ўзини ўзи банд қилган ташувчи транспорт воситасини ва ўзини йилига бир марта тегишли равишда техник ҳамда тиббий кўрикдан ўтказиши шарт.

Тўловлар ва кўриб чиқиш муддати

Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 2 баравари миқдорида йиғим ундирилади. Лицензиянинг ўзи учун давлат божи ундирилмайди, аммо ҳар бир транспорт воситасига 1 йиллик лицензия варақаси олиш учун давлат божи тўланади.

Йўловчи ташиш учун лицензия варақаси бўйича асосий ставкалар:

  • 14 ўрингача бўлган автобус ёки микроавтобус — 1 БҲМ;
  • 14 ўриндан ортиқ автобус ёки микроавтобус — 2,5 БҲМ;
  • 4 ўрингача бўлган енгил автомобиль — 2 БҲМ;
  • 4 ўриндан ортиқ енгил автомобиль — 3,5 БҲМ;
  • халқаро йўналишдаги автобус — 28 БҲМ;
  • халқаро йўналишдаги микроавтобус — 22 БҲМ;
  • халқаро йўналишдаги енгил автомобиль — 7 БҲМ;
  • ўзини ўзи банд қилган ташувчининг енгил автомобили — 1 БҲМ.

Халқаро юк ташишда ҳар бир автотранспорт воситаси учун 7 БҲМ миқдорида давлат божи ундирилади. Юк ташишда фойдаланиладиган шатакчи автомобилнинг ўзи учун лицензия варақаси давлат божи ундирилмайди.

Ариза одатда 2 иш кунида, ўзини ўзи банд қилган шахснинг мурожаати эса реал вақт режимида — 10 дақиқа ичида кўриб чиқилади. Ижобий қарордан кейин тўловни 3 ой ичида амалга ошириш лозим. QR-кодли лицензия ва лицензия варақаси тўлов тасдиқланганидан кейин 10 дақиқа ичида электрон шаклда расмийлаштирилади.

Лицензия талабларига риоя қилиш

Ташувчи:

  • транспорт воситасининг техник созлигини таъминлаши;
  • ҳайдовчиларни белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказиши;
  • транспорт воситасини йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтказиши;
  • ташиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиши;
  • шаҳарлараро ва халқаро ташувларда талаб этиладиган назорат ускуналаридан фойдаланиши;
  • янги транспорт воситаси қўшилганда унга ўз вақтида лицензия варақаси олиши шарт.

Рад этиш тўғрисидаги қарорда аниқ сабаблар кўрсатилиши керак. Ариза берувчи ваколатли орган қарори ёки мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.

Chat