Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 33771 марта ўқилди

Оилада яшаш ҳуқуқи

Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш ва улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга.

Фақат ота-она билан бирга яшаш боланинг энг устун манфаатларига зид бўлган ҳолларда қонунда назарда тутилган бошқа чоралар қўлланилиши мумкин.

Кам таъминланганлик ёки оиланинг оғир ижтимоий аҳволи ўз-ўзидан болани ота-онасидан ажратиш учун асос бўлмайди.

Тарбия ва камол топиш ҳуқуқи

Бола ота-онаси томонидан тарбияланиш, унинг манфаатлари таъминланиши, ҳар томонлама камол топиши ва инсоний қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.

Ота-она болани тарбиялаш усулларини танлашда унинг:

  • ёши;
  • соғлиғи;
  • жисмоний ва руҳий ривожланиши;
  • фикри;
  • энг устун манфаатларини ҳисобга олиши шарт.

Болани камситиш, ҳақоратлаш, унга нисбатан шафқатсиз ёки қўпол муомала қилишга йўл қўйилмайди.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола

Ота-она вафот этганда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, болани тарбиялашдан бош тортганда ёки бола бошқа сабабларга кўра ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганда, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини васийлик ва ҳомийлик органи ҳимоя қилади.

Болани жойлаштиришда унинг оилада тарбияланишини таъминловчи шаклларга устуворлик берилади. Боланинг ёши ва етуклик даражасига мос равишда унинг фикри ҳам инобатга олиниши керак.

Материал Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун асосида тайёрланди.

Chat