Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 37254 марта ўқилди

Ер участкаси ажратиладиган ҳолатлар

Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан давлат органлари, муассасалари, корхоналари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Жамоат эҳтиёжларига қуйидагилар киради:

  • мудофаа ва давлат хавфсизлиги объектларини жойлаштириш;
  • автомобиль ва темир йўллар, аэропортлар, энергетика, алоқа ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш;
  • муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш;
  • фойдали қазилма конларини аниқлаш ва қазиб олиш;
  • давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуриладиган ижтимоий ва маъмурий объектларни жойлаштириш;
  • қонунчиликда белгиланган бошқа жамоат эҳтиёжлари.

Хусусий ташкилотга давлат вазифасини бажариш учун ер зарур бўлганда, ер участкаси тегишли давлат органи ёки Давлат активларини бошқариш агентлигига ажратилади ва кейинчалик хусусий ташкилотга ижарага берилади.

Ҳужжатларни тайёрлаш ва қарор қабул қилиш

Ер танлаш материаллари Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тайёрланади. Материаллар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги органлари, архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ҳамда тегишли ваколатли ташкилотлар билан келишилади.

Ижобий хулосалар ва юридик хизматнинг хулосаси олингач, ер ажратиш тўғрисидаги қарор «E-qaror» электрон тизимида 2 иш кунида қабул қилинади. Қарор тегишли органларга 1 иш кунида юборилади.

Давлат кадастрлари палатаси:

  • ерга бўлган ҳуқуқни 2 иш кунида давлат рўйхатидан ўтказади;
  • ер участкаси чегараларини жойида 3 иш кунида белгилайди.

Чегараларни жойида белгилаш учун БҲМнинг 3,5 баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Муҳим: ер участкасида қурилиш ишларини бошлаш ва ундан фойдаланишга фақат ерга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин йўл қўйилади. Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ерлари тоифаси белгиланган тартибда ўзгартирилмасдан туриб бошқа мақсад учун ажратилмайди.

Хусусий мулкдор ёки ердан фойдаланувчининг ери жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилса, компенсация тўлаш ва зарарларни қоплашнинг алоҳида тартиби қўлланилади.

Chat