Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16892 марта ўқилди

Кимлар имтиёзли йўлланма олиши мумкин?

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда соғломлаштириш учун йўлланмалар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги тегишли санаторийларга берилади.

Имтиёзли йўлланма олиш ҳуқуқига қуйидагилар эга:

  • уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари);
  • республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчилар;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ёки шу сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;
  • ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни кузатиб борувчи шахс;
  • ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар;
  • ёшга доир пенсия олувчилар.

Йўлланмалар сони санаторийлардаги мавжуд ўринлар ҳамда ҳар йили Давлат бюджетидан шу мақсад учун ажратиладиган маблағлар доирасида белгиланади.

Йўлланма қанча вақтда бир марта берилади?

Биринчи марта мурожаат қилаётган шахслар учун даврийлик чеклови қўлланилмайди. Кейинги йўлланмалар эса имтиёз тоифасига қараб навбат асосида берилади:

  • ҳар йили — уруш ногиронларига тенглаштирилган шахсларга, республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчиларга, Чернобиль ҳалокати оқибатларидан жабрланган айрим шахсларга, ядро объектларида хизмат қилган пенсия ёшидаги шахсларга ва ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексаларга;
  • икки йилда бир марта — уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари), I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни кузатиб борувчи шахсга;
  • уч йилда бир марта — ёшга доир пенсия олувчиларга.

«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахс юқоридаги имтиёзли тоифалардан бирига кирса, йўлланма белгиланган даврийликка мувофиқ навбатсиз берилади.

Қаерга мурожаат қилинади?

Фуқаро ёки унинг вакили санаторийга йўлланма олиш учун:

  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига;
  • Давлат хизматлари марказига;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали;
  • «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали мурожаат қилиши мумкин.

«Инсон» марказининг ижтимоий ходими ҳам фуқаронинг розилиги билан унинг номидан электрон ариза бериши мумкин. Давлат хизматини кўрсатиш учун ҳеч қандай йиғим ундирилмайди.

Қандай ҳужжатлар керак?

Сўровномага:

  • имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
  • даволовчи шифокор томонидан берилган, санаторийда соғломлаштириш тавсия этилган тиббий маълумотнома илова қилинади.

Қонунчиликда кўрсатилмаган бошқа ҳужжат ёки маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.

Айрим касалликларда, жумладан фаол босқичдаги сил, ўткир юқумли касалликлар, юқумли тери ва соч касалликлари ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа тиббий қарши кўрсатмалар мавжуд бўлганда санаторийда соғломлаштириш учун тиббий маълумотнома берилмайди.

Навбат ва йўлланма қандай берилади?

Ариза «IHMA Sanatoriy» модулида электрон реестрга киритилади. Фуқаро ўз аризасининг ҳолати ва навбатини Давлат хизматлари маркази, «Инсон» маркази, ЯИДХП ёки «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали реал вақт режимида кузатиши мумкин.

Йўлланмалар санаторийлардаги бўш ўринлар ва ажратилган бюджет маблағларидан келиб чиқиб навбат асосида берилади. Уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга йўлланмалар биринчи навбатда ажратилади.

Санаторий йўлланмаси 10 кунга берилади. Фуқаро навбати келгани ҳақида йўлланма бошланишидан 20 кун олдин, бироқ камида 10 кун олдин электрон хабар, SMS ёки ваколатли орган орқали хабардор қилинади.

Йўлланма QR-код билан электрон шаклда расмийлаштирилади. Фуқаронинг хоҳишига кўра у қоғоз шаклда ҳам берилиши мумкин.

Йўлланмадан фойдалана олмаса нима қилиш керак?

Агар фуқаро белгиланган вақтда санаторийга бора олмаса, йўлланманинг амал қилиш муддати бошланишидан камида 3 кун олдин ундан фойдаланишни рад этиши ёки муддатни бир ойга узайтириш ҳақида мурожаат қилиши мумкин. Навбатни кейинги ойга кўчириш имконияти фақат бир марта қўлланилади.

Йўлланманинг амал қилиш муддати бошланганидан кейин 5 кун ичида санаторийга мурожаат қилинмаса, йўлланма бекор қилинади ва фуқаро электрон навбат рўйхатидан чиқарилади.

Санаторийга борганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат, йўлланма ҳамда тиббиёт муассасаси томонидан берилган санаторий-курорт картаси бўлиши керак. Йўлланма фақат унда кўрсатилган шахсга тегишли ва бошқа шахсга берилмайди.

Кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни кузатиб борувчи шахсга берилган йўлланма бўйича ётоқ жой ва овқатланиш бепул, бошқа хизматлар эса шартнома асосида пулли кўрсатилиши мумкин.

Chat