Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 190461 марта ўқилди

Ўқувчиларнинг билим савияси ва ўзлаштириш даражаси қуйидаги назорат турларини ўтказиш орқали баҳоланади:

жорий назорат — сўровлар, назорат ишлари ёки тестлар тарзида ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакалари мунтазам назорат қилинади;

оралиқ назорат — чорак тамом бўлганда ва ўқув дастурининг тегишли бўлими тугаллангандан кейин ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун амалга оширилади. У ёзма назорат иши ёки тестлар шаклида ўтказилади. Ушбу назоратда фойдаланиладиган материаллар ўқув фани ўқитувчиси томонидан тайёрланади.


  • Ҳар бир назорат тури қандай шаклда ўтказилишидан қатъи назар, беш баллик («5», «4», «3», «2», «1») усулда бутун сонлар ёрдамида баҳоланади.
  • Ўқувчиларнинг назорат турлари бўйича олган баллари ҳамда чораклик (ярим йиллик) ва йиллик (якуний) баҳолари, шунингдек, йиллик рейтинг кўрсаткич баллари синф журналига қайд этилади.
  • Ўқувчининг чораклик (ярим йиллик), йиллик (якуний) баҳолари ва йиллик рейтинг кўрсаткич баллари унинг табелида қайд этилади.

Баҳолаш ўқувчини синфдан-синфга ўтказиш учун асос бўлади.

Чораклик ва йиллик баҳо чиқариш

Ҳафтасига 1 соатдан ортиқ ўқитиладиган ўқув фанлари бўйича:

  • чорак давомида жорий ва оралиқ назоратларда олинган баллар асосида чораклик баҳо;
  • чораклик баҳолар ва босқичли назоратда олинган балл асосида йиллик баҳо аниқланади.

Босқичли назорат ўтказилмайдиган ўқув фанлари бўйича йиллик баҳолар чораклик баҳоларга қараб белгиланади.

Ҳафтасига 0,5 ва 1 соат ўқитиладиган ўқув фанлари бўйича:

  • ярим йил давомида жорий ва оралиқ назоратларда олинган баллар асосида ярим йиллик баҳо;
  • ярим йиллик баҳолар ва босқичли назоратда олинган балл асосида йиллик баҳо аниқланади.

Босқичли назорат ўтказилмайдиган ўқув фанлари бўйича йиллик баҳолар ярим йиллик баҳоларга қараб белгиланади.

Якуний баҳо
  • Битирувчилар учун чораклик (ярим йиллик) баҳолар асосида йиллик баҳо, шунингдек якуний назоратда олинган балл ва йиллик баҳо асосида якуний баҳо аниқланади.
  • Якуний давлат аттестацияси белгиланмаган ўқув фанлари бўйича йиллик баҳо якуний баҳо ҳисобланади. Якуний баҳолар битирувчига бериладиган умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага қайд этилади.

Юқори синфга ўтказиш
  • Юқори синфга ўтказишда босқичли назорат ўтказилади.
  • Босқичли назорат ўқув йили тамом бўлгандан кейин оғзаки, ёзма имтиҳон ҳамда тест синовлари шаклида амалга оширилади. Унинг асосида рейтинг аниқланади ва ўқувчини навбатдаги синфга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
  • Босқичли назорат материаллари намуналари Халқ таълими вазирлиги томонидан тайёрланади.
  • Ўқувчини кейинги синфга ўтказиш ижобий баҳо олган тақдирда амалга оширилади. Мактаб педагогика кенгаши қарори билан ўқувчилар қониқарсиз баҳолар билан ҳам синфдан-синфга ўтказилиши мумкин.

Қайта топшириш
  • Ўқувчи унинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар йиллик баҳодан норози бўлса, унга мактаб педагогика кенгаши томонидан тузиладиган тегишли фан комиссиясига (ота-оналар ёки улар ўрнини босувчи шахслар иштирокида, агар улар шуни хоҳласалар) имтиҳон топшириш имкони берилади.
  • Қайта имтиҳон топширишга барча кўчириш синфларида (битирув синфлари бундан мустасно) фақат жорий ўқув йилида ўқитилган фанлар бўйича рухсат берилади.

Chat