Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13159 марта ўқилди

Газ етказиб бериш шартномаси

Газ етказиб бериш шартномасига кўра, газ таъминоти ташкилоти истеъмолчига табиий газ етказиб беради, истеъмолчи эса фойдаланилган газ ва кўрсатилган хизматлар учун белгиланган тартибда тўлов қилади.

Маиший истеъмолчи — табиий газдан овқат тайёрлаш, иссиқ сув ва уй-жойни иситиш каби маиший эҳтиёжлар учун фойдаланувчи шахс.

Маиший истеъмолчининг ҳуқуқлари

Маиший истеъмолчи:

  • белгиланган ҳажм ва сифатда газ етказиб берилишини талаб қилиш;
  • шартнома бекор қилинганда фойдаланилмаган газ учун тўланган маблағни қайтариб олиш;
  • шартномани қонунчиликка мувофиқ бир томонлама бекор қилиш;
  • газ етказиб бериш асоссиз тўхтатилиши натижасида етказилган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган зарарни қоплашни талаб қилиш;
  • газ ускуналарини вақтинча ёки тўлиқ узиш учун газ таъминоти ташкилоти вакилини чақириш;
  • шахсий кабинетдан бепул фойдаланиш;
  • ҳисоб-китоб ва қарздорлик ҳақидаги маълумотномани бепул олиш ҳуқуқига эга.

Газ таъминоти ташкилоти истеъмолчининг аризасига кўра қарздорлик мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномани икки иш куни ичида тақдим этади.

Маиший истеъмолчининг мажбуриятлари

Истеъмолчи:

  • табиий газдан оқилона ва хавфсиз фойдаланиши;
  • сертификатланган газ ускуналаридан фойдаланиши;
  • газ ва хизматлар учун ўз вақтида тўлов қилиши;
  • ҳисоблагич ва пломбаларнинг бутунлигини таъминлаши;
  • уй ичи газ тармоғини коррозиядан ҳимоя қилиши;
  • дудбурон ва шамоллатиш тизимларини текшириб туриши;
  • қайта қуриш ёки уйни бузишдан олдин газ таъминоти ташкилотини хабардор қилиши;
  • ваколатли ходимларни соат 08:00 дан 20:00 гача текширув ва техник хизмат учун киритиши шарт.

Кўп квартирали ва турар жойлардаги газ плитаси икки йилда бир марта, бошқа газ ускуналари эса буюртма асосида йилига бир марта техник кўрикдан ўтказилиши керак.

Муҳим: газ ҳиди сезилса, электр чироғи ва жиҳозларини ёқиш ёки ўчириш, очиқ оловдан фойдаланиш мумкин эмас. Одамларни хавфли жойдан олиб чиқиб, 104 ёки 112 рақамига қўнғироқ қилиш лозим.

Газ таъминоти ташкилотининг мажбуриятлари

Газ таъминоти ташкилоти:

  • ўз тасарруфидаги тармоқларни соз ҳолатда сақлайди;
  • таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширади;
  • тармоқларни даврий кўздан кечиради;
  • газ етказиб бериш қисқариши ёки тўхташи ҳақида истеъмолчиларни хабардор қилади;
  • истеъмолчига бепул шахсий кабинет очиш имконини беради;
  • газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича йўриқнома ва авария телефонларини тақдим этади;
  • истеъмолчининг буюртмаси асосида белгиланган муддатда техник хизмат кўрсатади.

Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Табиий газдан фойдаланиш қоидаларида белгиланган.

Chat