Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 20369 марта ўқилди

Истеъмолчининг ҳуқуқлари

Истеъмолчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • шартномага мувофиқ зарур ҳажмдаги, сифатли ва хавфсиз хизматдан фойдаланиш;
  • чиқиндиларни олиб чиқишнинг белгиланган минимал даврийлигига риоя этилишини талаб қилиш;
  • амалдаги тарифлар, хизмат кўрсатиш тартиби ва улардаги ўзгаришлар ҳақида маълумот олиш;
  • 12 ойгача олдиндан тўлов қилиш ва шу даврда тариф ошса, қайта ҳисоб-китоб қилинмаслигини талаб қилиш;
  • чиқинди белгиланган жадвалда олиб кетилмаса, диспетчерлик хизматига буюртманома бериш;
  • сифатсиз ёки тўлиқ кўрсатилмаган хизмат бўйича далолатнома тузишни талаб қилиш;
  • нотўғри ҳисоб-китоб натижасида етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш;
  • ҳужжатлар билан тасдиқланган вақтинча йўқлик даври учун тўловдан озод бўлиш;
  • ҳуқуқлари бузилганда ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш.

Истеъмолчининг мажбуриятлари

Истеъмолчи:

  • хизматлар учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаши;
  • контейнерли тизимда чиқиндиларни фақат белгиланган контейнерларга ташлаши;
  • «сигнал» усулида чиқиндиларни махсус транспорт келгунига қадар ўз ҳудудида сақлаши ва жадвал бўйича келган транспортга топшириши;
  • чиқиндиларни кўчалар, ариқлар, сув йўллари ва бошқа рухсат этилмаган жойларга ташламаслиги;
  • чиқиндилар ва баргларни махсус техник қурилмаларсиз ёқмаслиги;
  • кўп квартирали уйнинг умумий жойларида чиқинди тўплаш жойини ташкил этмаслиги;
  • йирик габаритли ва қурилиш чиқиндиларини оддий контейнерларга ташламаслиги;
  • чўғ, иссиқ кул ва ўчмаган ёқилғи қолдиқларини контейнер ёки махсус транспортга жойлаштирмаслиги;
  • контейнер ёки чиқинди тўплаш шохобчасидаги носозлик ҳақида хизмат кўрсатувчини дарҳол хабардор қилиши керак.

Чиқиндини рухсат этилмаган жойга ташлаш ёки ёқиш истеъмолчини маъмурий жавобгарликдан озод қилмайди.

Хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари

Хизмат кўрсатувчи ташкилот:

  • кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ олиш;
  • қарздорлик ва пеняни ундириш бўйича судга мурожаат қилиш;
  • истеъмолчилар маълумотлар базасини янгилаш ва қарздорлик ҳақида огоҳлантириш;
  • йирик габаритли, қурилиш, чорвачилик ва суюқ чиқиндиларни алоҳида тўлов эвазига олиб чиқиш;
  • ёнғинга сабаб бўлиши мумкин бўлган чўғ ва ўчмаган чиқиндиларни транспортга ортмаслик ҳуқуқига эга.

Хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг мажбуриятлари

Хизмат кўрсатувчи ташкилот:

  • ҳудуд бириктирилганидан кейин 5 иш куни ичида оммавий шартномани эълон қилиши;
  • белгиланган жадвал асосида чиқиндиларни мунтазам олиб чиқиши;
  • минимал даврийликка риоя қилиши;
  • махсус транспорт ҳаракатини GPS орқали реал вақт режимида назорат қилиш имконини яратиши;
  • контейнерлар ва чиқинди тўплаш шохобчаларини соз ва санитария талабларига мувофиқ ҳолда сақлаши;
  • истеъмолчиларга зарур сифатда хизмат кўрсатиши;
  • жадвал бузилганда диспетчерлик буюртманомасини келиб тушган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмай бажариши;
  • бажарилган ишлар ҳақида истеъмолчини SMS ёки расмий ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали хабардор қилиши керак.

Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган қоидаларда белгиланган.

Chat