Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 35795 марта ўқилди

Боланинг мулоқот қилиш ҳуқуқи

Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укаси, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ва мулоқот қилиш ҳуқуқига эга.

Ота-онанинг:

  • никоҳдан ажралиши;
  • никоҳи ҳақиқий эмас деб топилиши;
  • алоҳида яшаши;
  • турли давлатларда истиқомат қилиши боланинг уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига таъсир қилмайди.

Фавқулодда вазиятга тушган, шу жумладан ушлаб турилган, ҳибсга олинган ёки даволаш муассасасида бўлган бола ҳам қонунда белгиланган тартибда ота-онаси ва қариндошлари билан мулоқот қилиш ҳуқуқига эга.

Алоҳида яшаётган ота ёки онанинг ҳуқуқлари

Боладан алоҳида яшаётган ота ёки она:

  • бола билан кўришиш;
  • унинг тарбиясида иштирок этиш;
  • таълим олиши билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда қатнашиш;
  • таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя муассасаларидан бола ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Бола билан бирга яшаётган ота ёки она, агар мулоқот боланинг жисмоний ёки руҳий соғлиғига ва ахлоқий камолотига зарар етказмаса, бундай кўришишга тўсқинлик қилмаслиги керак.

Кўришиш тартибини белгилаш

Ота-она боладан алоҳида яшаётган ота ёки онанинг бола билан кўришиш тартибини ёзма келишув билан белгилаши мумкин.

Низони судгача медиация орқали ҳал қилиш мумкин. Келишувга эришилмаса, низо васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида суд томонидан ҳал қилинади.

Суд учрашув вақти, давомийлиги, жойи ва бошқа шартларни белгилашда боланинг ёши, соғлиғи, ота-онасига муносабати, кун тартиби, энг устун манфаатлари ва фикрини ҳисобга олади.

Кўришиш тартиби ота-онанинг хоҳишига эмас, биринчи навбатда боланинг хавфсизлиги ва энг устун манфаатларига мос бўлиши керак.

Яқин қариндошлар билан кўришишга тўсқинлик қилинса

Агар ота-она бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ёки бошқа яқин қариндошнинг бола билан кўришишига тўсқинлик қилса, васийлик ва ҳомийлик органи бундай имкониятни таъминлаш мажбуриятини юклаши мумкин.

Унинг қарори бажарилмаса, яқин қариндошлар ёки васийлик ва ҳомийлик органи судга мурожаат қилиши мумкин. Суд низони боланинг энг устун манфаатлари ва фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилади.

Материал Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси асосида тайёрланди.

Chat