Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 33553 марта ўқилди

2026 йил 1 январдан жисмоний ва юридик шахслар автомототранспорт воситаси учун очиқ электрон базада бўш турган исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга давлат рақамини ягона оширилган тўлов эвазига танлаши мумкин.

Рақамни танлаш ва тақсимлаш жараёни инсон омили аралашувисиз, автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Рақам танлаш учун амалдаги каналлар

Давлат рақамини танлаш, брон қилиш ва харид қилиш учун:

  • AvtoRaqam расмий мобил иловаси;
  • Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг расмий ахборот тизими;
  • ҳудудий рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаларидаги инфокиосклардан фойдаланиш мумкин.

AvtoRaqam иловасида фойдаланувчи:

  • очиқ базада мавжуд рақамларни кўради;
  • транспорт воситаси тоифаси ва ҳудуд кодини танлайди;
  • ўзига маъқул комбинацияни брон қилади;
  • электрон инвойс бўйича тўловни амалга оширади;
  • буюртманинг жорий ҳолатини кузатади.

Муҳим: давлат рақамини танлаш ва харид қилиш хизмати ЯИДХПда амалда мавжуд эмас. Шу сабабли мурожаатни бевосита AvtoRaqam иловаси ёки ЙҲХХнинг амалдаги ахборот тизими орқали амалга ошириш лозим.

Рақамни брон қилиш ва тўлаш

Танланган комбинация автоматлаштирилган тизимда бошқа шахс томонидан банд қилинмагани текширилгандан кейин буюртма берувчи номига электрон инвойс шакллантирилади.

Тўловни амалга ошириш учун:

  • жисмоний шахсга ҳар бири 20 дақиқагача бўлган иккита имконият;
  • юридик шахсга 72 соат вақт берилади.

Ушбу вақт давомида рақам комбинацияси бошқа шахслар танламаслиги учун вақтинча захирага олинади.

Агар тўлов белгиланган вақтда амалга оширилмаса:

  • брон бекор қилинади;
  • комбинация 12 соат ичида очиқ базага қайтарилади;
  • мазкур буюртма берувчининг айнан шу комбинацияни қайта брон қилиши 6 ойга блокланади.

Рақамнинг нархи

Исталган комбинацияга эга давлат рақами учун ягона оширилган тўлов миқдори «Uzavtomotobelgi» давлат унитар корхонаси томонидан белгиланади.

Шу сабабли бундай рақамларнинг барчаси учун ягона доимий нарх мавжуд эмас. Аниқ сумма комбинация танланган вақтда AvtoRaqam иловасидаги электрон инвойсда кўрсатилади.

Олтитагача ҳарф ва рақамлардан иборат «ноёб» давлат рақамлари алоҳида тартибда очиқ электрон кимошди савдолари орқали берилиши мумкин. Бундай комбинация:

  • амалдаги давлат рақамини такрорламаслиги;
  • қонунчилик талабларига зид бўлмаслиги;
  • ахлоқ ва одоб нормаларига хилоф маъно ифодаламаслиги керак.

Давлат рақамини тайёрлаш ва олиш

Тўлов тасдиқлангандан кейин давлат рақами белгиланган тартибда ишлаб чиқарилади.

I, IE, III ва IIIE типдаги автомобиль рақамлари, одатда, рўйхатдан ўтказиш бўлинмасида 30 дақиқа ичида тайёрланади. Мотоцикл, мопед, скутер ва айрим икки қаторли рақамлар учун ишлаб чиқариш муддати 14 иш кунигача бўлиши мумкин.

Рақам тайёр бўлганида буюртма берувчига электрон хабар юборилади. Уни олишда шахсни ва транспорт воситасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи маълумотлар текширилади.

Муҳим: рақам белгиси учун тўлов амалга оширилиши уни фуқаронинг хусусий мулкига айлантирмайди. Давлат рақамини сотиш, гаровга қўйиш ёки белгиланмаган тартибда бошқа шахсга бериш мумкин эмас.

Автомобиль сотилганда рақамни сақлаб қолиш

Транспорт воситаси бошқа шахсга ўтказилганда рақамнинг аввалги эгаси уни белгиланган тартибда сақлаб қолиши мумкин.

Исталган комбинация асосида олинган рақамни бошқа автомобиль учун сақлаб қолишда белгиланган муддатда ариза берилиши ва тегишли тўлов амалга оширилиши лозим. Талаб бажарилмаса, комбинация очиқ электрон базага қайтарилиши мумкин.

Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 сентябрдаги 562-сон қарори билан белгиланган.

Chat